date

Путин: Ўзбекистон ва Россия меҳнат миграциясида янги давр бошлаяпти

Путин: Ўзбекистон ва Россия меҳнат миграциясида янги давр бошлаяпти
Россия Федерацияси президенти Владимир Путиннинг сўзларига кўра, Россия ва Ўзбекистон меҳнат миграцияси билан боғлиқ муаммоларни биргаликда ҳал қилишга келишиб олган. Бу ҳақда у дунёнинг yetakchi ахборот агентликлари раҳбарлари билан ўтказилган учрашувда баён қилди.

Давлат раҳбари ўз нутқида Ўзбекистонда аҳоли сони кескин ўсиб бораётгани ва бу демографик ўзгаришлар мамлакат меҳнат бозорига кучли босим ўтказаётганини қайд этди. Бу ҳолат, ўз навбатида, чет элда, айниқса Россияда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ўзбекистонликлар сонининг ортишига олиб келмоқда.

«30 йил аввал Ўзбекистонда 15-18 миллион киши яшаган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 38 миллионга етиб улгурди. Ҳар йили аҳоли сони тахминан бир миллионга кўпаймоқда. Бу жуда ҳам тез суръатларда кечаётган демографик ўзгаришлардир», — деди Путин.

Ушбу ўзгаришлар фонида Россия ва Ўзбекистон раҳбарияти, хусусан, Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин ўзаро англашувга эришиб, меҳнат миграциясини тизимли ва барқарор йўлга қўйишга келишиб олган.

«Биз меҳнат бозорида қандай ҳолат юзага келганини яхши тушунамиз. Шу сабабли биз Шавкат Миромонович билан миграция масалаларини ҳамкорликда ҳал қилиш юзасидан келишувга эришдик», — дея таъкидлади Россия раҳбари.

Муҳожирларни олдиндан тайёрлаш – асосий мақсад
Путиннинг таъкидлашича, Россияда ишлашни хоҳловчи фуқароларни олдиндан тайёрлаш, уларни рус тили ва маданиятига мослаштириш, шунингдек, меъёрий-ҳуқуқий билимлар билан таъминлаш бўйича комплекс режалар мавжуд.

«Бу масалада тўлиқ режалар бор. Биз рус тилини ўрганиш, рус маданиятига мослашиш, иш муҳитини англашга ёрдам берувчи тизимни шакллантирамиз», — деди у.

Бундай ёндашув, албатта, нафақат Россиядаги меҳнат муҳитини барқарорлаштириш, балки ўзбекистонлик мигрантларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Ёшлар масаласи – устувор йўналиш
Учрашув давомида Путин ёшлар масаласини алоҳида тилга олди. Унга кўра, Россия ва Ўзбекистон ўртасида ёшлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш катта аҳамиятга эга.

«Ёшлар билан ишлашнинг ўзи жуда муҳим ва қимматли йўналишдир», — деди у.
Унинг қайд этишича, Ўзбекистон Президентининг ёрдамчиси Саида Мирзиёева яқинда Москвада бўлиб, Россия ҳукумати ва Президент маъмурияти вакиллари билан учрашувлар ўтказган. Саида Шавкатовна ушбу учрашувларда ёшлар соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратган.

«У президент топшириғи асосида ёшлар йўналишини ривожлантириш, Россия ва Ўзбекистон ёшлари ўртасида маданий ва ижтимоий ҳамкорликни мустаҳкамлашга йўналтирилган аниқ ташаббусларни илгари сурмоқда», — деди Россия президенти.

Путин ушбу ташаббусларни тўлиқ қўллаб-қувватлашини ва бу борада икки давлат биргаликда самарали иш олиб боришини билдириб ўтди.

Меҳнат миграцияси – стратегик аҳамиятга эга йўналиш
Россия томони Ўзбекистон билан бўлаётган ҳамкорликни стратегик аҳамиятга эга деб ҳисобламоқда. Айниқса, меҳнат миграциясини тўғри ташкил этиш ва фуқароларни Россия шароитига мос равишда тайёрлаш икки томонлама манфаатларни таъминлайди.

Меҳнат муҳожирлари сони ортиб бораётган бугунги кунда, уларнинг ҳуқуқий ҳимояси, тил билими ва касбий тайёргарлиги энг долзарб масалалардан бирига айланган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Путин: Ўзбекистон ва Россия меҳнат миграциясида янги давр бошлаяпти