date

Исроил-Эрон тўқнашуви: ракета зарбалари ва дипломатик тортишувлар

Исроил-Эрон тўқнашуви: ракета зарбалари ва дипломатик тортишувлар
Сўнгги 24 соат ичида Яқин Шарқдаги тортишув янада кучайди: Эрон Исроилнинг Ҳайфа, Тел-Авив, Бер-Шева каби стратегик шаҳарларига камида 22 та ракета йўллади. Ҳужумлар вақтида асосий нишонлардан бири — Исроил мудофаа тизими билан ҳамкорлик қиладиган IT компаниялар ва Microsoft’нинг минтақавий офиси жойлашган замонавий технопарк бўлди. Бинога етказилган зарар ва юқори хавф даражаси мамлакатда тезкор чоралар кўришга мажбур этди.

Жавоб тариқасида Исроил армияси бир кечада 50 дан ортиқ ҳарбий самолётларни қўллаб, Эрон ҳудудидаги ядро қуроли дастури билан боғлиқ заводлар, ракета ишлаб чиқариш мажмуалари ва муҳим технологик объектларга аниқ зарбалар йўллади. TSAHAL (Исроил мудофаа армияси) бу операцияни ядро таҳдидининг олдини олиш мақсадида амалга оширилганини расман эълон қилди.

21 июн тонгида Тел-Авивда сирена товушлари будильниклардан аввал юзага келгани хавотир уйғотди — Эрон бир вақтнинг ўзида 6 та ракета учиргани қайд этилди. Шаҳарда тезкор равишда бошпана излаш ва хавфсизлик чоралари кучайтирилди.

Бошқа томондан, 20 июн куни Женевада Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Германия, Франция ва Британия ташқи ишлар вазирлари билан музокаралар ўтказди. Европа дипломатлари Эронни Исроил ҳаво ҳужумларини тўхтатишни “кутмасдан” ядровий музокараларга қайтишга чорлашди. Франция вакили Жан-Ноел Барро “режимни куч билан ўзгартириш хавфли, халқ ўз тақдирини ўзи ҳал қилиши керак”, деб таъкидлади.

Ароқчи эса музокараларга очиқлигини, аммо Исроилнинг ҳужумлари давом этаётган бир пайтда бу амри маҳол эканини билдирди.

Музокаралардан сўнг АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам муносабат билдириб, “Эрон Европа билан гаплашишни истамайди”, деди. Унинг сўзларича, Европа Иттифоқи бу масалада жиддий таъсир қила олмайди ва қарор қабул қилишни кечиктирмаслик зарур.

Россия ва БМТнинг позицияси

Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида Владимир Путин Москва ҳам Исроил, ҳам Эрон билан яқин муносабатда эканини таъкидлаб, Россиянинг икки томонни бирдек тушунишга уринаётганини маълум қилди. У Исроилда рус тилида сўзлашувчилар кўплигини, шунингдек, Москва Эроннинг тинч ядровий дастурига қўллаб-қувватловини қайд этди.

Жума куни БМТ Хавфсизлик Кенгашининг махсус сессияси чақирилди. Сессияда Исроил ва Эроннинг БМТдаги расмий вакиллари кескин баёнотлар билан чиқишди. Исроил “ядро қуроли яратилишини олди олинмагунча ҳужумлар давом этади”, дея аниқ ва қатьий позицияни билдирди. Эрон эса бу амалиётларни халқаро ҳуқуқни қўпол равишда бузиш деб баҳолаб, АҚШнинг эҳтимолий аралашуви юзасидан жиддий хавотир билдирди.

БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш бу ҳолатни глобал тинчлик учун “белгиловчи лаҳза” деб атади ва ҳар икки томонни сабр ва музокараларга чақирди.

Дипломатик тортишув ва ҳарбий қарши ҳужумлар давом этмоқда

Исроил-Эрон урушида фақат ҳарбий амалиётлар эмас, дипломатик майдондаги кураш ҳам кучаймоқда. Европа давлатлари, АҚШ ва Россия ўз ўрнини сақлашга ва можарони юмшатишга интилмоқда. Аммо реал воқеликда ракета зарбалари, хавфли тундаги сиреналар ва тезкор мудофаа ҳаракатлари ҳаётнинг узвий қисмига айланиб улгурди.

Яқин вақтда вазият барқарорлашиши кутилмаяпти — икки томон ҳам ўз позициясида қатъий турибди. Уруш нафақат уруш майдонида, балки сиёсий-дипломатик саҳнада ҳам давом этмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Исроил-Эрон тўқнашуви: ракета зарбалари ва дипломатик тортишувлар