date

Эрон ракеталарни нега камайтирди? Оқибатлар ва яширин стратегия

Эрон ракеталарни нега камайтирди? Оқибатлар ва яширин стратегия
Яқин Шарқ осмонида янги қарама-қаршилик давом этар экан, Эроннинг сўнгги ҳарбий стратегияси халқаро таҳлилчилар ва сиёсий кузатувчилар диққат марказига чиқди. Охирги кунларда Исроилга қарши амалга оширилаётган ракета зарбалари сонида кескин камайиш кузатилмоқда. Бу камайиш Эрон ракеталари тугаб қолганидан эмас, балки — стратегик ёндашув ўзгарганидан далолат беради.

Кўп эмас, аниқ! Эроннинг тактик қараши ўзгарди
CNN телеканали манбаларига кўра, Эрон ҳарбий раҳбарияти катта миқдорда ракета учириш ўрнига, аниқ ва тўғри нишонга йўналтирилган юқори технологияли ракета турларини қўллашга қарор қилган. «Энди биз ҳар доимгидек юзлаб ракета билан эмас, балки ҳар бир зарбаси мақсадга йўналтирилган юқори аниқликка эга қуроллар билан иш тутамиз», — деган Эрон расмий манбаси телеканалга берган изоҳида.

Манбанинг айтишича, Эрон томони «THAAD» ва «Patriot» (АҚШ), шунингдек, Исроилдаги «Arrow-2», «Arrow-3», «Довуд паллахмони» ва «Темир гумбаз» каби ҳаводан мудофаа тизимларини осонгина енгиб ўтадиган ракета турларини қўллай бошлаган. Энг муҳими, бу ракета зарбалари олдиндан белгиланган ҳарбий ва стратегик нуқталарга аниқ тегмоқда.

Ҳамла кам, таъсир кучли
13 июндан бошлаб Исроилга қарши жавоб зарбаларини бошлаган Эрон аввалги ҳужумларда юздан зиёд ракета учирган эди. Бироқ ҳозирги пайтда, Исроил манбалари маълумотига кўра, бир кунда ўнтадан ҳам кам ракета отилмоқда. Масалан, 21 июнга ўтар кечаси амалга оширилган ҳужумда бешта ракета қўлланган, лекин уларнинг ҳар бири — баллистик ракета бўлган.

Яъни, Эрон сони эмас, сифатига ишонаётганини амалда исботлаяпти. Бу ёндашув ҳар бир зарбанинг аниқ ва таҳлилий ҳисоб-китоб билан амалга оширилаётганини кўрсатади.

Камералар орқали жосуслик: Франконинг даъвоси
Исроил Миллий кибербошқармаси раҳбарининг собиқ ўринбосари Рафаэль Франконинг сўзларига кўра, Эрон охирги кунларда Исроилдаги шахсий кузатув камераларига уланиш орқали амалга оширилган зарбаларнинг самарадорлиги ва аниқлигини таҳлил қилишни бошлаган. Бу эса, киберхавфсизлик соҳасида ҳам ўзаро тўқнашув кучайганини кўрсатади.

Исроил ҳам жавобсиз қолмаяпти
Эроннинг аниқ зарбаларига жавобан Исроил томони ҳам самолётлари орқали Эрондаги ракеталар сақланувчи омборлар, учириш майдонлари ва ҳатто ядровий инфратузилма нуқталарини нишонга олгани хабар қилинмоқда. Бу қарама-қаршиликнинг янада чуқурлашиши хавфини яратади.

Хулоса: Янги давр, янги уруш услуби
Эроннинг ракета стратегиясидаги бу кескин ўзгариш нафақат ҳарбий, балки геосиёсий нуқтаи назардан ҳам жиддий аҳамиятга эга. Бугун урушлар «кўп зарба» эмас, «белгиланган зарба» даврига кирмоқда. Исроил учун бу, шубҳасиз, хавотирли сигнал. Ҳар бир аниқ зарба ортида — технологик устунлик, аниқ разведка ва мураккаб ҳарбий ҳисоби бор.

Ҳам дипломатия, ҳам хавфсизлик нуқтаи назаридан Яқин Шарқ яна қайноқ нуқтага айланмоқда. Ва ундаги ҳар бир ҳаракат — жаҳон хавфсизлигидаги тенгламани ўзгартириши мумкин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Эрон ракеталарни нега камайтирди? Оқибатлар ва яширин стратегия