
Сурия жанубидаги Сувайда вилоятида Друз жамоаси ва Сунний Бедоуинлар ўртасида юзага келган қуролли тўқнашувларда ўнлаб одам ҳалок бўлди, юзлаб кишилар жароҳат олди. Ҳодиса Сурия ички ишлар вазирлиги ва маҳаллий манбалар томонидан тасдиқланди.
Тўқнашувлар 13-июл, якшанба куни Друз фуқаросининг Дамашқга олиб борувчи йўлда ўғирлаб кетилгани ҳақидаги хабарлардан сўнг Сувайда шаҳри марказидаги ал-Мақвас маҳалласида бошланган. Ушбу маҳаллада асосан Бедоуинлар яшайди.
Друз жангарилари маҳаллани қуршаб олиб, ўз назоратига олгани ҳақида хабарлар бор. Орадан кўп ўтмай, Сувайда вилоятининг бошқа ҳудудларида, хусусан вилоятнинг ғарбий ва шимолий чеккаларидаги Друз аҳоли яшовчи қишлоқларга Бедоуинлар томонидан ҳужумлар бошланган.
Маҳаллий мустақил ахборот агентлиги Сувайда 24 хабарига кўра, можаро натижасида "ўнлаб одамлар ҳалок бўлган", 200 дан ортиқ киши эса тан жароҳати олган. Англияда жойлашган Сурия Инсон ҳуқуқлари обсерваторияси (СОҲР) эса қурбонлар орасида болалар, Бедоуинлар ҳамда ҳукумат кучларига мансуб аскарлар борлигини маълум қилган.
Сурия Ички ишлар вазирлиги эса камида 30 киши ҳалок бўлганини билдирган. Ҳозирча мустақил манбалар томонидан қурбонлар сони аниқ тасдиқланмаган.
Можаролар фонида Исроил мудофаа кучлари (ИДФ) ҳам ўз баёноти билан чиқди. Унга кўра, Сувайда томон ҳаракатланаётган бир нечта танклар Исроилга хавф туғдирган деб топилиб, зарба берилган. Исроил расмийлари бу ҳаракатни Друз жамоасини ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширилган деб баён қилган.
Якшанба кечаси Друз ва Бедоуин етакчилари ўртасида воситачилик орқали қисқа муддатли сулҳга эришилди ва асирга олинган шахслар алмашилди. Бироқ, бу тинчлик узоққа чўзилмади. Душанба куни яна Сувайда ғарбий ҳудудларида жанговар ҳаракатлар бошланди. Сувайда 24 дронлар орқали қишлоқларга ҳужум қилинганини ва ҳукумат кучлари қўшни Дера вилоятида жойлаштирилганини билдирди.
Сурия ички ишлар вазирлиги зиддият юзага келишига расмий институтларнинг заифлиги ва хавфсизлик бўшлиғи сабаб бўлганини таъкидлади. "Вазият ортда қолган ҳукумат назоратининг заифлашуви, хавфсизлик мувозанатининг бузилиши ва маҳаллий жамоаларнинг тинчликни тиклашга ожизлигидан дарак бермоқда", дейилади расмий баёнотда.
Вилоят губернатори Мустафо ал-Бакур фуқароларни ўзаро сабр-тоқатга ва тинчликни сақлашга чақирди. Шунингдек, бир нечта Друз диний етакчилари ҳам жамоани муросага чақирди.
Эслатиб ўтамиз, май ойида ҳам Сувайда вилоятида ва Дамашқ яқинидаги маҳаллаларда Друз жангчилари, хавфсизлик кучлари ва сунний исломий гуруҳлар ўртасида кенг кўламли тўқнашувлар бўлган ва 130 дан ортиқ одам ҳалок бўлгани хабар қилинганди.
Шундан сўнг ҳукумат Друз милицияларини расмий хавфсизлик тузилмаларига киритиш бўйича келишувга эришганди. Бироқ, сўнгги ҳодисалар бу келишувнинг барқарорликни таъминлашдаги самарасини шубҳа остига қўймоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар