
Америка крипто бозорида тарихий бурилиш: АҚШ президенти Дональд Трамп мамлакатда стейблкоинлар инновацияси ва бошқаруви бўйича “GENIUS” қонунини расман имзолади, деб хабар берди whitehouse.gov. Бу қарор мамлакатда рақамли молия тартибини мутлақо ўзгартириши, долларнинг жаҳон валютаси сифатидаги позициясини мустаҳкамлаши ва АҚШни рақамли активлар соҳасида етакчига айлантириши кутиляпти.
Янги қонунга асосан, стейблкоинлар — яъни, қиймати АҚШ доллари ёки давлат хазина облигацияларига боғланган криптовалюта турлари — энди федерал тартибга олинади. Бундан буён стейблкоин чиқарувчилари ўз захиралари таркибини ҳар ой ошкора эълон қилиши шарт, деб белгиланди.
Оқ уй баёнотида таъкидланишича, “GENIUS қонуни” АҚШ давлат қарзига бўлган талабни ошириш ва долларнинг халқаро молия тизимидаги ўрнини мустаҳкамлаш учун аниқ ҳуқуқий замин яратади. Қонунни имзолаш маросимида мамлакатнинг йирик технология ва криптовалюта компаниялари раҳбарлари қатнашди.
Трампнинг сўзларига кўра, бу ислоҳот “тарихдаги биринчи стейблкоинларни тартибга солувчи федерал тизимни яратади” ва рақамли молиявий технологиялардаги энг йирик инқилоб бўлиши мумкин. Энди АҚШ мансабдорлари ҳам стейблкоинларни қонуний тарзда сотиб олиш ва улардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади.
Қонун лойиҳаси АҚШ Конгрессида икки партия томонидан кенг қўллаб-қувватланган ҳолда қабул қилинди. Аммо, демократлар амалдорлар ва уларнинг оила аъзоларига стейблкоинлар билан боғлиқ бизнесда иштирок этишни чекловчи банд киритишга уринишган, бу банд рад этилди.
Таҳлилчилар таъкидлашича, бу қонун доллар билан таъминланган рақамли валюталар учун очиқ йўл очади ва АҚШда криптовалюта бозорини глобал даражада рақобатбардош қилади. CoinGesko маълумотларига кўра, ҳозирги стейблкоинлар бозори 260 миллиард доллардан юқори, Standard Chartered банки эса 2028 йилга бориб бу кўрсаткич 2 триллион долларгача етиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Кўпчилик экспертлар ва иқтисодчилар бу тарихий қадам ортидан Америка молияси ва технологик инновацияларида янги босқич бошланишини таъкидлашмоқда. “GENIUS” қонуни билан АҚШ криптобозорининг рақобатдаги асосий устунига айланиши эҳтимолдан йироқ эмас. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар