
Европа хавфсизлигида янги давр бошланяпти: Германия канцлери Фридрих Мерцнинг BBC Today дастурига берган интервюсидаги очиқ баёнотлари нафақат Германия, балки бутун Европа учун кескин ўзгаришлар заминини яратиб бермоқда, деб ёзади bbc.com.
Канцлер Мерц ўз чиқишида Россия таҳдидини ҳақиқий ва жиддий деб атади: «Биз жиддий таҳдидни кўрмоқдамиз – ва бу Россия. Бу таҳдид биргина Украинага эмас, балки Европанинг тинчлиги ва сиёсий мустақиллигига қаратилган», – деди у. Мерц Лондонга Германия ва Буюк Британия ўртасидаги кенг қамровли мудофаа шартномасини имзолаш учун келган эди. Ушбу шартнома икки давлатнинг хавфсизлик бўйича ўзаро ҳамкорлигини янги босқичга кўтаришни назарда тутади.
Канцлер сайлов кампанияси давомида Украинани қатъий қўллаб-қувватлаб келган ва лавозимга киришганидан сўнг бир неча кун ўтиб, Британия ва Франция раҳбарлари билан бирга Киевга йўл олган эди. У лавозимга киришишдан аввал ҳам Германия конституциясига ўзгартириш киритишга ва мудофаа харажатларини сезиларли даражада оширишга эришган. Мерцнинг таъкидлашича, бугун Германия мудофааси “нима керак бўлса, шуни қилиш” принципига ўтмоқда: «Биз ҳали етарлича кучли эмасмиз. Армиямизни мустаҳкамлаш учун жуда катта маблағ сарфлаяпмиз», – дея таъкидлади у.
Мерц Европа хавфсизлиги масаласида Америка раҳбарияти томонидан қилинган танқидларга ҳам муносабат билдирди: «Илгари биз "қуён" бўлиб юрардик, ҳозир эса вазият кескин ўзгарган. Америка ҳамкорларимиз биздан кўпроқ ҳаракат кутаяпти ва бугун биз ҳақиқатда шунга интилаяпмиз», – деди канцлер.
Унинг фикрича, АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнснинг Мюнхен хавфсизлик конференциясидаги баёноти – яъни Европанинг мудофаага етарлича сармоя киритмаётгани ҳақидаги гаплари – анча катта таъсир қилган. Европа давлатлари энди хавфсизликда кўпроқ мустақилликка ҳаракат қила бошлади.
Канцлер Мерцнинг сўзларига кўра, у АҚШ президенти Доналд Трамп билан бир неча бор учрашган ва мунтазам равишда у билан мулоқот қилиб туради. Мерц, Трамп маъмурияти Европа тақдирига унчалик қаттиқ ёндошмаётганини ва Америка сиёсатида Европа ўрни сўнгги йилларда кескин пасайганини очиқ тан олади. Энди Европа мамлакатлари ўз мудофааси ва хавфсизлиги учун катта жавобгарликни ўз зиммасига олиши лозим.
Германия, Буюк Британия ва Франция бугунги кунда “учбурчак” хавфсизлик иттифоқини мустаҳкамлаш устида ишлаяпти. Яқинда имзоланган Буюк Британия ва Германия ўртасидаги дўстлик шартномаси Европада янги сиёсий ва мудофаа саҳифасини очмоқда.
Таҳлилчилар фикрича, Европа давлатлари тарихда илк бор хавфсизликда АҚШга тўлиқ таянишни тўхтатиб, ўз мудофааси учун жиддий инвестицияларни бошлади. Бу йўналишда Германиянинг ташаббуси ва қатъияти минтақада янги сиёсий мувозанат ва хавфсизликни таъминлашга хизмат қилади. Европа энди ўз сўзини айтишга тайёр, деб ҳисоблашади экспертлар.
Янги шартнома ва стратегик ҳаракатлар туфайли, Европа хавфсизлигида янги давр бошланяпти: ташқи сиёсатда ва мудофаада энди ҳеч ким “қуён” бўлиб юрмайди. Канцлер Мерц эса Европа хавфсизлигида янги йўналиш бошланишини эълон қилди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар