date

Россия Украинадаги қамоқхонага авиазарба берди: 16 киши ҳалок бўлди

Россия Украинадаги қамоқхонага авиазарба берди: 16 киши ҳалок бўлди
Россия кучлари томонидан Украинанинг жануби-шарқидаги Запорожье вилоятида жойлашган қамоқхонага уюштирилган ҳаво ҳужуми оқибатида камида 16 киши ҳалок бўлди, 30 дан ортиқ одам жароҳат олди. Бу ҳақда Украина расмийлари 29 июл куни маълум қилди.

Вилоят раҳбари Иван Фёдоровга кўра, тунги авиазарбалар натижасида нафақат қамоқхона бинолари, балки атрофдаги тураржойлар ҳам жиддий зарар кўрган. Россия ушбу ҳужумда юқори портловчи қувватга эга самолёт бомбаларидан фойдаланган.

Украина президентининг администрация раҳбари Андрей Ермак зарбаларни "яна бир ҳарбий жиноят" деб баҳолади.

Украина инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ҳибсдаги шахсларга уюштирилган бундай ҳужумни халқаро гуманитар ҳуқуқнинг қўпол бузилиши деб атади. "Қамоқда бўлган одамлар ҳам ҳаёт ва ҳимоя ҳуқуқидан маҳрум эмас," — дейилади баёнотда.

Шу билан бирга, АҚШ президенти Дональд Трамп Россияни ўт очишни тўхтатишга чақириб, агар 10–12 кун ичида келишувга эришилмаса, янги санкциялар жорий қилиниши айтиб ўтди. Шотландиядаги сафари вақтида журналистларга мурожаат қилган Трамп: “Натижаси аллақачон маълум бўлса, кутишнинг ҳожати йўқ,” — деди.

Июль бошида Трамп Россияга қарши 50 кунлик ультиматум эълон қилган эди, бироқ бу огоҳлантириш Москванинг ҳужумларини тўхтатмади.

Айни вақтда Россиянинг жанубий вилоятларида Украина томонидан ҳам дрон ҳужумлари амалга оширилди. Ростов вилоятидаги Сальск шаҳрида дрон зарбаси оқибатида автомобилда бўлган бир киши ҳалок бўлди. Белгород вилоятида эса яна бир ҳайдовчи ҳалок бўлиб, унинг рафикаси яраланди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россия Украинадаги қамоқхонага авиазарба берди: 16 киши ҳалок бўлди