Испанияда август ойининг бошидан бери давом этаётган ўрмон ёнғинлари мамлакат тарихида сўнгги йигирма йил ичида кузатилмаган даражадаги катта фожиага айланди. “Evronews”нинг ёзишича, мазкур ёнғинлар оқибатида камида тўрт киши ҳалок бўлди, яна 37 нафар шахс ёнғинларга алоқадорликда гумонланиб қўлга олинди.
Энг оғир ҳолат Галисия автоном ҳудудида қайд этилди. Бу ерда 155 минг гектардан ортиқ майдон ёнди. Бу кўрсаткич 2006 йилдан бери кузатилмаган даражадаги энг катта ёнғин ҳисобланмоқда. Фақатгина август ойида бутун мамлакат бўйича 350 минг гектардан зиёд майдон ёнғинлардан зарар кўрди.
Ҳозирги вақтда Испаниянинг турли ҳудудларида 21 та ёнғин ўчоғини бартараф этиш ишлари давом этмоқда. Шимолий ҳудудларда маҳаллий ўт ўчирувчиларга Германиядан келган мутахассислар ёрдам бермоқда.
Бош вазир Педро Санчес шахсан ёнғин ҳудудига ташриф буюриб, фожианинг асосий сабаби глобал иқлим ўзгариши ва кучли иссиқ тўлқинлари эканини таъкидлади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!