date

Дуровнинг хотираси: Франциядаги ҳибс ва эркинлик учун кураш

Дуровнинг хотираси: Франциядаги ҳибс ва эркинлик учун кураш

Telegram асосчиси Павел Дуров бир йил аввал Францияда юз берган ҳодисани ёдга олиб, шахсий пост билан чиқди. Унинг айтишича, айнан бир йил аввал француз полицияси умуман танимаган шахсларнинг Telegram платформасидан жиноий мақсадларда фойдаланганини баҳона қилиб, уни тўрт кун давомида ҳибсда сақлаган.

“Йирик платформанинг раҳбарини фойдаланувчилар қилган ҳаракатлар учун ҳибсга олиш ҳуқуқий ҳам, мантиқий жиҳатдан ҳам мутлақо бемаъни эди”, — дея таъкидлади у.

Дуровнинг сўзларига кўра, терговчилар ҳалигача унинг шахсий айбдорлиги ёки Telegram компаниясининг қонунбузарликдаги иштирокини исботловчи бирорта далилга эга эмас.

“Энг кулгили жиҳати шуки, мени айнан француз полициясининг хатоси сабабли ҳибсга олишган. Чунки улар 2024 йил августигача Франция ва Европа Иттифоқи қонунларини эътиборсиз қолдириб, қонунан белгиланган юридик жараёнлар орқали Telegram’га расмий сўров юбормаган.

Ҳатто бу ноодатий ҳибсдан бир йил ўтган бўлса-да, мен ҳар 14 кунда Францияга келишим шарт бўлиб қолмоқда. Энг ғалати жиҳати, апелляция муддати ҳамон белгиланмаган. Шунинг учун ҳам ҳибсга олинишимнинг ягона оқибати — Франциянинг эркин давлат сифатидаги обрўсига путур етганидир”, — деди Telegram асосчиси.

Унинг таъкидлашича, барча тўсиқ ва қийинчиликларга қарамай, улар курашишда давом этади ва албатта ғалаба қозонишади.

Эслатиб ўтамиз, Павел Дуров ўтган йил 25 август куни шахсий самолёти орқали Озарбойжондан Парижга етиб келганда, Ле Бурже аэропортида қўлга олинганди. Франция ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари уни “наркотиклар айланмаси, болаларга қарши жиноятлар ва фирибгарлик”да айблаган. Бунинг асосий сабаби сифатида мессенжерда модерация тизимининг йўқлиги ва полиция билан ҳамкорликдан бош тортилиши кўрсатилганди.

Telegram асосчиси қарийб саккиз ой давом этган “тутқунлик”дан сўнг Францияни тарк этиб, яна Дубайга қайтган эди.

Шу тариқа, Павел Дуровнинг хотираларида Франциядаги ҳибс нафақат шахсий ҳаётида, балки бутун ер юзида сўз эркинлиги ва рақамли мустақиллик ҳақида катта баҳсларни келтириб чиқарган воқеа сифатида сақланиб қолмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Дуровнинг хотираси: Франциядаги ҳибс ва эркинлик учун кураш