date

Тожикистонда фолбин ва сеҳргар хизматидан фойдаланганларга катта жарима

Тожикистонда фолбин ва сеҳргар хизматидан фойдаланганларга катта жарима

Тожикистонда фолбин, сеҳргар ва жодугарларга мурожаат қилган фуқаролар энди маъмурий тартибда жазоланади. “Asia-Plus” нашрининг ёзишича, мамлакат Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 482-моддасига тегишли ўзгартиришлар киритилиб, “Сеҳргар, фолбин ёки жодугар хизматидан фойдаланиш” банди алоҳида белгилаб қўйилди. Унга кўра, бундай хизматдан фойдаланган шахслар 50 дан 60 бараваргача миқдорда жаримага тортилади.

Маълумотларга кўра, кодексга киритилган ўзгаришлар 2025 йил 31 июлдан кучга кирган, аммо бу ҳақдаги расмий хабар оммага энди эълон қилинди. Илгари фақат ҳукуматнинг 31 июлдаги қарори очиқланиб, унда мазкур ўзгартиришлар парламентга маъқуллаш учун тақдим этилгани айтилган эди.

Сўнгги йилда мамлакатда фолбинлар ва уларнинг мижозларига қарши кураш кучайтирилган. Масалан, 2024 йил ёзида Тожикистон Ички ишлар вазирлиги уларнинг хизматидан фойдаланган фуқаролар расмий идораларга чақирилиши, уларнинг исм-шарифлари ва фотосуратлари махсус маълумотлар базасига киритилишини маълум қилганди.

Расмийлар бу чораларнинг асосий мақсади — жамиятда хурофот ва сеҳргарликнинг тарқалишининг олдини олиш, чунки баъзи одамлар бундай фаолиятга мурожаат қилиб, унинг кенгайишига бевосита ҳисса қўшмоқда, деб таъкидлашмоқда. Шу билан бирга, фолбин ва сеҳргарларга мурожаат қилиб, расмий идораларга чақирилган шахслар сони очиқланмаган.

2024 йилда ҳам фол очиш ва сеҳргарлик билан шуғулланиш учун жазо кучайтирилган эди. Парламент кодекснинг 482-моддаси 2-қисмига ўзгартиш киритиб, аҳолига қўлланадиган жаримани 80–100 бараваргача оширди ҳамда 10 кундан 15 кунгача маъмурий қамоқ жазосини назарда тутди. Илгари эса бу моддада фақат 60–100 баравар жарима белгиланган эди.

Бундан ташқари, Жиноят кодексининг 240-моддасига ҳам жиддий тузатиш киритилди. Агар шахс маъмурий жазо олгандан кейин бир йил ичида яна фолбинлик ёки сеҳргарликка қўл урса, унга 1500–2000 баравар миқдорда жарима (ўртача 12–16 минг доллар) ёки 1 йилдан 2 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланади. Илгари эса бу қилмиш учун фақат маъмурий жавобгарлик белгиланганди.

Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, жорий йилнинг олти ойида мамлакатда 495 та фол очиш ва сеҳргарлик ҳолати аниқланган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Тожикистонда фолбин ва сеҳргар хизматидан фойдаланганларга катта жарима