date

Афғонистондаги зилзила 250 дан ортиқ инсоннинг ҳаётини олди

Афғонистондаги зилзила 250 дан ортиқ инсоннинг ҳаётини олди

Афғонистон шарқида кеча, 31 август куни кечаси содир бўлган кучли зилзила бутун мамлакатни қайғуга солди. Расмий маълумотларга кўра, табиий офат оқибатида камида 250 дан зиёд инсон ҳалок бўлган, 500 га яқин одам эса турли тан жароҳатлари билан шифохоналарга етказилган. Бу ҳақида халқаро ОАВ, жумладан, “Reuters” агентлиги хабар тарқатди.

Маълум қилинишича, 6,0 магнитудали зилзила маҳаллий вақт билан соат 23:47 да қайд этилган. Эпимарказ Нангарҳор вилоятидаги Жалолобод шаҳридан 27 километр шимоли-шарқда жойлашган бўлиб, чуқурлиги ҳам атиги 8 километрни ташкил этган. Шу сабабли ер ости тебранишлари жуда кучли ҳис қилиниб, катта вайронагарчиликка олиб келган. Орадан 20 дақиқа ўтиб, худди шу ҳудудда яна 4,5 магнитудали қувватга эга бўлган иккинчи силкиниш содир бўлгани, унинг таъсири қўшни Кунар вилоятида ҳам сезилгани қайд этилди.

Табиий офат тунда юз бергани боис кўплаб аҳоли уйқуда бўлган ва ер силкинишини ҳис қилмаган. Натижада кўплаб одамлар вайроналар остида қолиб кетган. Айниқса, лой ва тошдан қурилган уйлар батамом қулагани ҳолатни янада оғирлаштирган.

Кунар вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумотича, Нур-Гул, Соки, Ватпур, Маноги ва Чападаре ҳудудларида ўлим ҳолатлари кенг миқёсда қайд этилган. Фақат шу ҳудудлардаёқ 250 дан зиёд одам ҳалок бўлган, 500 га яқин инсон жароҳат олгани маълум қилинди.

Нангарҳор вилояти соғлиқни сақлаш идораси дастлаб фақат 15 нафар жароҳатланувчи ҳақида хабар берган бўлса, кейинчалик маълумотлар янгиланиб, айрим қишлоқларда ўнлаб инсонлар ҳалок бўлгани маълум қилинди. Расмийлар қурбонлар сони ҳозирги кўрсаткичдан ҳам кўпроқ бўлиши мумкинлигини таъкидлашмоқда.

Айни пайтда қутқарувчи гуруҳлар вайроналар остидан тирик қолганларни излаш ишларини давом эттирмоқда. Табиий офат ортидан Афғонистондаги инсонпарварлик вазияти янада оғирлашиши ва жабрланувчилар сони ошиши хавфи сақланиб турибди.

Шу тариқа, Афғонистондаги кечаги кучли зилзила юзлаб инсонларнинг ҳаётига нуқта қўйди. Жамоатчилик эса мамлакатда табиий офатларга қарши тизимли тайёргарликнинг янада кучайтирилиши зарурлигини таъкидламоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Афғонистондаги зилзила 250 дан ортиқ инсоннинг ҳаётини олди