АҚШ ва Хитой етакчилари яқин вақтларда Жанубий Кореяда юзма-юз мулоқот қилиши мумкин.
CНН тарқатган маълумотларга кўра, АҚШ президенти Доналд Трамп ва унинг маслаҳатчилари Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (APEC) саммитида иштирок этиш учун тайёргарлик кўрмоқда. Манбаларнинг қайд этишича, саммит доирасида Доналд Трамп ва Хитой раҳбари Си Цзинпин ўртасида музокаралар ташкил этиш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Ҳозирча эҳтимолий учрашувнинг аниқ тафсилотлари ошкор қилинмаган. Аммо дипломатик доираларда бу мулоқотнинг муҳим аҳамият касб этиши кутиляпти.
CNN манбалари қўшимча қилишича, АҚШ президенти Жанубий Кореяга ташриф давомида Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин билан ҳам кўришиши мумкин. Бироқ унинг саммитда иштирок этиши ҳозирча маълум қилинмаган. Оқ Уй эса ташрифнинг асосий мақсадини иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш сифатида таърифлаган.
Эслатиб ўтамиз, APEC саммити Жанубий Кореянинг Кёнжу шаҳрида 31 октябр ва 1 ноябр кунлари ўтказилиши режалаштирилган.
Шу тариқа, келгуси ойдаги учрашув халқаро муносабатларда муҳим воқеалардан бирига айланиши мумкин, чунки унда нафақат иқтисодий ҳамкорлик, балки глобал хавфсизлик масалалари ҳам муҳокама қилиниши кутилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!