date

Трамп 15 миллиард доллар даъво билан The New York Times газетасига ҳужум қилди

Трамп 15 миллиард доллар даъво билан The New York Times газетасига ҳужум қилди

АҚШ сиёсий майдонида яна бир шов-шувли воқеа қайд этилди. Президент Доналд Трамп мамлакатнинг энг нуфузли нашрларидан бири — The New York Times’га қарши судга даъво аризаси киритди. Унинг талабига кўра, таҳририят 15 миллиард доллар миқдорида товон тўлаши лозим.

Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида чиқиш қилиб, “The New York Times йигирма йилдан ортиқ вақт мобайнида сизнинг севимли президентингиз (мен ҳақимда!), оилам, бизнесим, ‘Америка биринчи’ шиори ва бутун мамлакатимиз ҳақида асоссиз ва ёлғон маълумот тарқатиб келмоқда”, — дея кескин баёнот берди.

Президентнинг сўзларига кўра, нашр 2024 йилги сайлов жараёнларида ҳам ҳеч қандай бетарафлик сақламаган ва ўша пайтда вице-президент лавозимида бўлган Камала Ҳаррисни очиқдан-очиқ қўллаб-қувватлаган. Шу боис у газетани “сўл радикал демократлар партиясининг овози” сифатида атади.

Трамп медиа майдонидаги муросасиз кураши билан аллақачон танилган. Унинг айтишича, кўплаб ОАВлар бир неча йилдан бери унинг номига асоссиз ҳақоратлар ёйиб, нуфузини туширишга ҳаракат қилмоқда. Шу мақсадда у фақат The New York Times эмас, балки ABC News, CBS телеканаллари ва The Wall Street Journal’га нисбатан ҳам судга мурожаат қилган. Маълумотларга кўра, ABC News ва CBS билан тарафлар судгача келишувга эришган, аммо The New York Times масаласи ҳали очиқ қолмоқда.

Таҳлилчиларнинг фикрича, бу каби ҳаракатлар Трампнинг сиёсий стратегиясининг бир қисми сифатида қаралиши мумкин. Чунки у ўзини оммавий ахборот воситаларига қарши “қурбон” сифатида кўрсатиб, электоратнинг эътиборини янада жалб қилишга уринмоқда.

Мутахассислар таъкидлашича, агар даъво қондирилса, бу нафақат АҚШда, балки бутун дунёда медиа ва сиёсат муносабатларига катта таъсир кўрсатиши мумкин. Чунки 15 миллиард долларлик товон таърихига кўра энг катта медиа даъволаридан бири ҳисобланади.

Жамоатчилик эса ҳозирча икки лагерга бўлиниб олган: кимдир Трампни ҳақ деб ҳисобласа, бошқалар уни матбуот эркинлигига таҳдид қилаётганликда айбламоқда. Аммо аниқ нарса бор: бу иш Америка сиёсий саҳнасида яна узоқ вақт муҳокама этилади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Трамп 15 миллиард доллар даъво билан The New York Times газетасига ҳужум қилди