Афғонистонда "Толибон" раҳбари Мулла Ҳайбатуллоҳ Охундзода смартфонларни тақиқлашни таклиф қилди. Ушбу таклиф мамлакатда интернет тўхтатилмасдан олдин яратилгани хабар қилинмоқда. Тахминан бир йил олдин Охундзода Қандаҳорда бўлиб ўтган “Толибон” уламолар кенгашида смартфонларни тақиқлаш учун диний асос топишни сўраган. Унинг айтишича, ушбу чоралар нафақат салбий танқидлар ва бузғунчи фикрларни тўхтатишга, балки "Толибон"нинг обрўсини сақлаб қолишга ҳам ёрдам беради.
Бироқ, кўпчилик уламолар бундай тақиқни рад этган. Улар смартфонлар ва мобил технологияларга миллионлаб доллар сармоя киритилгани, шунингдек, улар кундалик ҳаётда, савдо ва таълимда муҳим восита эканини таъкидлашган. Шунингдек, смартфонлар фуқароларга эркин фикр билдириш ва маълумотга тез кириш имконини беради. Шундан сўнг, "Толибон" интернетни узишга қарор қилган. Бу орқали улар фуқароларнинг глобал тармоқларга киришини чеклашни мақсад қилган.
Қандаҳордаги мутахассислар ва вазирлар бу қарорнинг иқтисодий ва ижтимоий зарарлари ҳақида огоҳлантиришган. Улар ахборот эркинлигини чеклашнинг мамлакатдаги иқтисодиёт, таълим ва савдо соҳаларининг ривожланишини пасайтириши мумкинлигини таъкидлашган. Бироқ, Охундзода уларнинг мурожаатларини рад этган ва интернетни узиш қарорини давом эттиришга буюрган. Шунингдек, ҳозирги пайтда, ҳукумат органлари ва дипломатик ваколатхоналар учун алоҳида интернет провайдери ташкил қилиш бўйича қарор қабул қилинган.
Таҳлилчиларнинг фикрича, бу қарор ўзгаришлар ва янги тартибнинг амалга оширилиши ҳокимиятга яқин шахсларга иқтисодий фойда келтиришга ва ахборот оқимини чеклашга хизмат қилади. Мутахассислар бу қарор Афғонистон ҳаётининг барча жабҳаларига салбий таъсир кўрсатишини таъкидламоқда. Интернетнинг чекланиши нафақат сўз эркинлигини, балки таълим, савдо, соғлиқни сақлаш ва ташқи дунё билан алоқаларни издан чиқаради.
Афғонистондаги интернет узилиши ва смартфонларнинг тақиқланиши мамлакатдаги барқарорлик ва ривожланишга жиддий таҳдид туғдириши мумкин. "Толибон" раҳбариятининг ушбу сиёсати нафақат ёш авлоднинг билим олиш имкониятларини чеклайди, балки мамлакатнинг глобал иқтисодий алоқаларини ҳам бузиши кутилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!