Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида жойлашган чегара хизмати бўлинмасида фожеали ҳолат содир бўлди. Муддатли ҳарбий хизматга яқинда чақирилган ёш аскар ўз хизматини бошлаганига бор-йўғи бир ҳафта тўлмасдан вафот этди. Бу ҳақда “Tengrinews” нашри хабар берди.
Маълумотларга кўра, 2025 йил 27 сентябрь куни Нурасил Ануар исмли йигит “Қорасой” чегара қисмига хизматга жўнатилган эди. Бир ҳафта ўтиб, унинг яқинларига ачинарли хабар етди — йигит оламдан ўтган.
Оила аъзолари ўлим ҳақида фақат 5 октябрь куни эрталаб маълумот олган. Улар учун бу хабар ҳақиқий зарба бўлди. Нурасилнинг қариндошлари уни соғлом ва ҳаётга тўла йигит сифатида эслайди.
“Биз уни жўнатишни истамагандик — юрагимиз безовта эди. Лекин у ўз Ватанига хизмат қилишни шараф деб билди. Нурасил ҳарбий хизматни фуқаролик бурчи ва орият белгиси сифатида қабул қилган эди”, — дейди марҳумнинг оила аъзолари.
Дастлабки маълумотларга кўра, Нурасилнинг ўлимига менингит сабаб бўлган бўлиши мумкин. Бироқ оила бу ташхисга ишонмаяпти. Улар таъкидлашича, ёш аскар хизматга кетишидан аввал бутунлай соғлом бўлган ва унинг касалликка чалингани ҳақида ҳеч қандай хабар берилмаган.
“Бугун эрталабдан бери жасадни кўра олмаяпмиз. Бизга турли баҳоналар билан руҳсат бермаяпти, бошқа жойга йўналтиришмоқда”, — деган боланинг холаси журналистларга.
Марҳумнинг қариндошлари холис ва ҳар томонлама тергов ўтказилишини, воқеа сабаблари тўлиқ аниқланишини сўрамоқда. Улар бу ҳолат тасодифий эмаслигини тахмин қилишмоқда ва адолатли қарор чиқишини талаб этмоқда.
“Нурасил меҳрибон, самимий ва тоза қалбли инсон эди. У адолатга ишонар, ҳаётни севарди. Унинг ўлими бутун оиламиз учун чуқур йўқотиш бўлди”, — дейди яқинлари оғриқ билан.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда бу каби фожеалар аввал ҳам содир бўлган. Жорий йилнинг 17 сентябр куни Манғистау вилоятида хизмат қилаётган 19 ёшли Динмуҳаммад исмли аскарнинг ҳам ўлими ҳақида хабар берилган эди. У аслида эгизак акаси билан бир вақтда армияга чақирилган, кейинроқ бошқа қисмига ўтказилган ва қисқа вақт ичида ҳалок бўлган.
Расмий маълумотларга кўра, Динмуҳаммаднинг ўлими “ўз жонига қасд қилиш” деб баҳоланган, бироқ унинг қариндошлари бу версияга ишонмаган. Кейинчалик Қозоғистон мудофаа вазири ўринбосари Серик Борамбаев бу воқеа бўйича изоҳ бериб, “ака-ука аскарлар бир-биридан ажралмаган, улар ҳамиша бирга бўлган”, деб айтган эди.
Нурасилнинг ўлими эса бу каби ҳолатлар сони ортиб бораётганига жамоатчилик эътиборини яна бир бор қаратди. Қозоғистонда ҳарбий хизматчилар хавфсизлиги ва соғлиғи билан боғлиқ тизимли муаммолар борми — бу ҳақда ҳозирча расмий изоҳ йўқ. Аммо марҳумнинг қариндошлари ҳақиқатни аниқлаш учун охиригача курашиш ниятида.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!