Словакия бош вазири Роберт Фицо Европа Иттифоқининг Украина борасидаги йўл-йўриғини яна кескин танқид қилди. Унинг таъкидлашича, «уруш ечим эмас» ва агар Брюссел тинчлик ташаббусларига ҳам урушга сарфлагани каби куч ва эътибор берганида, можаро анча аввал тугаган бўларди.
Фицо бу фикрларни Қизил армиянинг Карпат–Дукла операциясига 81 йил тўлишига бағишланган теледастурда билдирди. Мазкур операция ҳозирги Словакия ҳудудини вермахт қўшинларидан озод қилишга олиб келган тарихий воқеа сифатида эслатилди.
Бош вазирнинг таъкидлашича, унинг ҳукуматининг ташқи сиёсатдаги бош мақсади — «Россия устидан ғалаба қозониш» эмас, балки «славянлар бир-бирини ўлдиришни бас қилиши учун» Украинадаги урушни ҳарчи тезроқ тугатишдир. «Можаро бошлангач, уч ой ўтмасданоқ уни тўхтатиш мумкин эди. Бироқ кимдир буни Россияга қарши курашда фойда тақдим этувчи вазиятга айлантиришга урина бошлади», — деди Фицо.
Словакия раҳбари ўз мамлакати «ҳеч қандай ҳарбий авантюрага тортилишига» йўл қўймаслигини қайд этди. Унингча, Украинадаги тўқнашув «бизнинг урушимиз эмас», шу боис Братислава можарони авж олдириш эмас, музокара ва компромисс позициясини қўллаб-қувватлаши керак.
Фицо, шунингдек, Европа Иттифоқи саммитларида «Россияни қандай мағлуб этиш мумкинлиги» ҳақида гаплар устун эканига ишора қилди. «Бу одамлар уруш нимани англатишини чиндан ҳам тушунадими? Балки кимдир келиб, Иккинчи жаҳон уруши қатағон ва азоб-уқубатларини ёдга солиб, назарни тинчлик тарафга буриши керакдир», — дея қўшимча қилди бош вазир.
Шу тариқа, Словакия раҳбарининг позицияси ўзгармас: фронтдаги босимни кучайтириш ўрнига дипломатик каналларни кенгайтириш, тинчликни устувор қилиш ва можарони янада чуқурлаштирувчи қарорлардан сақланиш.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!