Тожикистонда 2024 йил давомида 34 нафар офицер ўз хизмат жойларини тарк этиб, дезертирлик қилган. Бу ҳақда мамлакатнинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Умид Бобозода ўзининг йиллик ҳисоботида маълум қилди.
Ҳисоботга кўра, ўтган йил ичида ҳарбий хизматдан қочиш ва буйруқни бажармаслик билан боғлиқ 107 та жиноят иши қўзғатилган. Улардан 30 нафар ёш ҳарбий жавобгарликка тортилган. Шунингдек, 34 офицер дезертир деб топилган, яна 28 киши хизмат жойини рухсатсиз тарк этган ҳолатлар аниқланган.
Омбудсманнинг таъкидлашича, бу ҳолатлар кўпинча ҳарбий қисмлардаги оғир шароитлар, зўравонлик, тартиббузарлик ва қўпол муносабатлар билан боғлиқ. Унинг сўзларига кўра, баъзи ҳолларда хизмат пайтидаги жароҳат ёки ўлим ҳолатлари ҳам ёшларни хизматдан воз кечишга мажбур қилмоқда.
Маҳаллий ОАВ ёзишича, мазкур вазият юзасидан тегишли идоралар текширув бошлаган. Бироқ, дезертирлик содир этган офицерларга нисбатан қандай жазо чоралари кўрилгани ҳақида ҳозирча расмий маълумот берилмаган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!