date

ОАВ: Россия аскарлари ҳақида каннибализмга оид шов-шувли даъволар тарқалмоқда

ОАВ: Россия аскарлари ҳақида каннибализмга оид шов-шувли даъволар тарқалмоқда

Россия армиясида юзага келган озиқ-овқат етишмовчилиги сабабли каннибализм, яъни одам ёки ҳайвоннинг ўз турига мансуб бошқа индивидни ейиши билан боғлиқ ҳолатлар қайд этилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу ҳақда “The Sunday Times” нашри маълум қилди.

Маълумотларга кўра, Украинага бостириб киришда қатнашган айрим россиялик ҳарбийлар озиқ-овқат танқислиги туфайли каннибализмга мурожаат қилишга мажбур бўлган. Нашр бу борада Украина ҳарбий разведкаси тақдим этган материаллар, жумладан фотосуратлар ва рус зобитлари ўртасидаги ўнга яқин аудио ёзувларга таянган. Шунингдек, маълумотларда ўз ҳамкасбларини истеъмол қилган камида бешта ҳолат ҳақида сўз юритилган.

Қайд этилишича, ҳолатлардан бири 2025 йил ноябрь ойида Донецк вилоятининг Мирноград ҳудудида юз берган. Келтирилган далилларга кўра, 95-алоҳида гвардия моторли милтиқ бригадасининг 51-полкида хизмат қилган “Чўлоқ” чақирув белгисига эга пиёда аскар икки ҳамкасбини ўлдириб, улардан бирининг оёғини ейишга уринган.

Бу ҳақда номаълум офицер бригада разведка батальони командирининг ўринбосари Владислав Разиковга Telegram орқали хабар юборган. У, шунингдек, далил сифатида тасвирлар, жумладан кесилган оёқнинг фотосуратини ҳам тақдим этган.

Айтилишича, ушбу тасвирлар махсус дастурлар ёрдамида таҳлил қилинган. Суратни кўриб чиққан мустақил ҳарбий жарроҳнинг фикрича, жароҳатлар жанговар эмас, балки ўткир предмет билан кесиш натижасида етказилган бўлиши мумкин.

Мавжуд аудио хабарларда эса офицер инсон гўштини ейишга ҳаракат қилган аскар подвалдан топилганини билдирган. Унинг таъкидлашича, аскарни қўлга олишга уринган вақтда у ўт очган ва шу жойнинг ўзидаёқ йўқ қилинган.

Бундан ташқари, офицер ўз қўл остидаги ҳарбийлар очлик ва қаттиқ чарчоқдан азият чекаётганини ҳам айтган. Бошқа ёзиб олинган суҳбатларда ҳам каннибализм ҳолатлари тилга олинган. Жумладан, ўтган йил апрель ойида “Мост” чақирув белгисига эга аскар қўмондонига инсон гўштини истеъмол қилган ҳамкасби ҳақида шикоят қилган.

Шунингдек, 2025 йил октябрь ойида 1437-моторли милтиқ полки қўмондони ҳам шунга ўхшаш ҳолатда бўйсунувчисини айблаб, “одам гўштини ейишни” тўхтатишни талаб қилгани маълум қилинган.

Яна бир хабарда эса 55-моторли милтиқ бригадаси раҳбари алкоголь ва гиёҳванд моддалар қаторида каннибализмни қатъий тақиқловчи буйруқ чиқаргани айтилган.

Украина томони ҳам қўлга тушган россиялик аскарлар озиқ-овқат етишмаслигидан шикоят қилаётганини билдирган. Шунингдек, АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг собиқ капитани Бредли Мартин Россия армиясида таъминот билан боғлиқ муаммолар ҳақидаги маълумотлар ишончли бўлиши мумкинлигини таъкидлаб, қўшинларни таъминлаш Россия қўмондонлиги учун устувор вазифа эмаслигини қайд этган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » ОАВ: Россия аскарлари ҳақида каннибализмга оид шов-шувли даъволар тарқалмоқда