Хитой расмийлари Тибет ҳудудида жойлашган Ярлунг-Цангпо дарёси каньонида “Медог” номли улкан гидроэлектростанция қурилишини бошлади. Бу ҳақда Foreign Policy нашри маълум қилди.
Эколог Вэн Цзябаонинг таъкидлашича, қурилиш жараёни катта махфийлик шароитида олиб борилмоқда. Унинг сўзларига кўра, бу лойиҳа минтақадаги ноёб ўсимлик ва ҳайвонот турлари учун жиддий хавф туғдириши мумкин.
Жанубий Осиё бўйича эксперт Нираж Сингх Манхас эса бу ҳаракатни геосиёсий жиҳатдан хавфли деб баҳолади. Унинг фикрича, Хитойнинг Брахмапутра (Ярлунг-Цангпо) дарёсининг бошланиш нуқтаси устидан назорат ўрнатиши Ҳиндистон ва Бангладешга нисбатан сув сиёсатида устунлик бериши мумкин.
Мутахассислар “Медог” тўғонини минтақадаги сув баланси ва иқлим тизими учун жиддий хавф деб ҳисобламоқда. Улар таъкидлаганидек, бу миқёсдаги қурилиш экологик ва ижтимоий таъсирни тўлиқ ўрганмасдан амалга оширилаётгани минтақада экологик тангликни кучайтириши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Баъзи халқаро кузатувчиларнинг фикрича, бу “мегатўғон” Хитойнинг энергетика соҳасидаги навбатдаги катта лойиҳаси бўлиши билан бирга, қўшни давлатлар билан муносабатларда янги мувозанат нуқтасини белгилаши мумкин.
Экологлар эса, аксинча, табиатга етказилиши мумкин бўлган зарарни ҳисобга олмаган ҳолдаги бундай қурилиш лойиҳалари минтақавий барқарорликка салбий таъсир кўрсатишини таъкидламоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!