Францияда парранда гриппи билан боғлиқ вазият яна кескинлашди. Мамлакат қишлоқ хўжалиги вазирлиги бутун мамлакат бўйлаб юқори огоҳлантириш даражасини эълон қилди. Энди барча паррандачилик хўжаликлари ҳайвонларни очиқ ҳавода эмас, фақат ёпиқ биноларда сақлаши шарт бўлади.
Бу чора вирус тарқалишининг олдини олиш ва санитария назоратини кучайтириш мақсадида қабул қилинди. Сўнгги йилларда юқори патогенли парранда гриппи Европадан тортиб Америкагача кенг ёйилмоқда. Вирус ёввойи қушлар билан бирга норка ва мушук каби сутэмизувчиларда ҳам аниқланган.
Мутаҳассислар вируснинг одамдан одамга юқиш даражасигача мутацияланишидан хавотирда. Ҳозирча бу турдаги ҳолатлар қайд этилмаган. Европа касалликлар профилактикаси маркази одамлар учун хавф даражаси ҳозирча жуда паст эканини маълум қилди.
Охирги икки йилда Европада вирусни чеклаш учун миллионлаб қушлар йўқ қилинган. Масалан, Нидерландияда ўтган ҳафта парранда гриппи аниқланган фермадан 71 минг қуш йўқ қилинди, Испанияда эса бир неча эҳтимолий ўчоқлар бўйича тезкор чоралар кўрилмоқда.
Франция ҳукумати 2022 йилда бошланган қуш гриппига қарши эмлаш дастури самара берганини қайд этди. Бироқ мутахассислар ҳушёрликни йўқотмаслик ва вирусни назоратда ушлаб туриш зарурлигини таъкидламоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!