Товуқ гўшти дунёда энг кўп истеъмол қилинадиган гўштга айланди

Товуқ гўшти дунёда энг кўп истеъмол қилинадиган гўштга айланди

Товуқ гўшти дунёда энг оммабоп гўшт турига айланди. Сўнгги ўн йилликларда унга бўлган талабнинг ортиши ишлаб чиқариш ҳажмини ҳам кескин оширди. Бу ҳақда Financial Times хабар берди.

Нашр маълумотларига кўра, 2006–2023 йиллар оралиғида дунёда товуқ етиштириш ҳажми сезиларли даражада ошган. 2006 йилда дунёда тахминан 48,3 миллиард дона товуқ бўлган бўлса, 2023 йилга келиб бу кўрсаткич 76,2 миллиард донага етган.

Товуқ гўштига талаб айниқса Осиё-Тинч океани минтақаси, Америка ва Европада юқори. Товуқнинг нисбатан арзонлиги, тез етиштирилиши ва турли таомларга мос келиши унинг оммалашишига хизмат қилмоқда. FAO маълумотларига кўра, товуқ дунёдаги энг муҳим парранда тури бўлиб, парранда гўшти ишлаб чиқаришининг асосий қисмини таъминлайди.

Товуқ гўштининг яна бир устунлиги — унинг турли қисмларини алоҳида бозорларга йўналтириш имконияти. Масалан, Ғарб мамлакатларида харидорлар орасида унчалик машҳур бўлмаган товуқ панжалари Хитойда талаб юқори бўлган маҳсулотлардан бири ҳисобланади.

Мутахассислар фикрича, аҳоли сони ва харид қобилиятининг ўсиши, шунингдек, шаҳарлашув жараёни парранда маҳсулотларига бўлган талабни келгусида ҳам ошириши мумкин. FAO ҳам аҳоли кўпайиши, даромадлар ўсиши ва урбанизация паррандачилик саноати ривожига туртки бераётганини таъкидлайди.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар