Мисрда 22 километрлик сув йўлларига эга шаҳар қурилади

Мисрнинг Ўрта Ер денгизи соҳилида, Марса-Матруҳ шаҳри яқинида «Alam al-Roum» номли янги шаҳар барпо этилиши режалаштирилмоқда. 20,6 квадрат километр майдонни эгаллайдиган лойиҳа доирасида 22 километрлик сув йўллари, замонавий турар жойлар ва сайёҳлик мажмуалари қурилади. Бу ҳақда «Naked Science» хабар берди.
Лойиҳага кўра, шаҳарда денгиз билан туташган лагуналар ва сув йўллари ташкил этилади. Улар турар жойлар ҳамда жамоат бинолари орасидан ўтиб, нафақат манзаравий вазифани бажаради, балки кучли ёмғир пайтида тўпланадиган сувларни йиғиш ва оқизишга ҳам хизмат қилади.
Шаҳарни лойиҳалашда Мисрнинг шимолий соҳилига хос иқлим ва табиий шароитлар ҳисобга олинган. Бинолар денгиздан эсадиган салқин шамол ва қуёш нуридан самарали фойдаланиш имконини берадиган тарзда қурилади. Шунингдек, денгиз сатҳининг кўтарилиши эҳтимоли инобатга олиниб, шаҳар ҳудудини денгиз сатҳидан баландроқ жойлаштириш режалаштирилган.
Қирғоқни ҳимоя қилиш учун табиий усуллардан ҳам фойдаланилади. Соҳил бўйлаб ўсимликлар экилади, ёмғир сувларини йиғиш ва тозалаш учун ботқоқлик ҳудудлари ташкил этилади. Бундан ташқари, қум тепаликлари мустаҳкамланиб, табиий экотизимлар тикланади.
«Qatari Diar» компанияси буюртмаси асосида ишлаб чиқилган лойиҳада пляжлар, лагуналар бўйидаги турар жойлар, меҳмонхоналар, дам олиш мажмуалари, гольф майдонлари, таълим муассасалари ва бизнес маркази қурилиши кўзда тутилган.
Шаҳарнинг асосий йўли кенг булвар бўлиб, у Ўрта Ер денгизи соҳилидаги халқаро яхталар портини шаҳар ички қисмидаги транспорт маркази билан боғлайди. Шунингдек, соҳил ҳудудида маданий тадбирлар майдони, амфитеатр, яхта клуби, масжид ва бозорлар барпо этилади. Лойиҳа муаллифлари шаҳарни йил давомида сайёҳлар ташриф буюрадиган маданият ва туризм марказига айлантиришни мақсад қилган.
Қурилишнинг биринчи босқичи 2030 йилда бошланиши кутилмоқда. Дастлаб тўрт квадрат километр майдон ўзлаштирилиб, пляжлар, очиқ денгиз билан туташган лагуналар ва шаҳар марказида яхталар порти қурилади.
Маълумот учун, Миср сўнгги йилларда янги шаҳарлар барпо этишга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Жумладан, Қоҳиранинг шарқий қисмида янги маъмурий пойтахт қурилиши бошланган. Унинг дастлабки лойиҳаси «SOM» меъморлик бюроси томонидан ишлаб чиқилган, кейинчалик эса «Dar al-Handasah Shair & Partners» халқаро консалтинг компанияси томонидан такомиллаштирилган.






























Изоҳлар 0
…