Эркак Корриврекан гирдобига манекен ташлаб, унинг кучини синади (видео)

Ижтимоий тармоқларда Шотландиядаги Корриврекан бўғозида ўтказилган ноодатий тажриба акс этган видео яна эътибор марказига чиқди.
Маълум бўлишича, Корриврекан — Жура ва Скарба ороллари оралиғида жойлашган бўлиб, кучли денгиз оқимлари ва гирдоблари билан машҳур ҳудуд. Сув юзаси айрим пайтларда нисбатан сокин кўринса-да, сув остидаги кучли оқимлар хавфли вазиятларни юзага келтириши мумкин.
Манбаларга кўра, Корриврекан гирдобининг кучини кўрсатиш мақсадида ҳужжатли фильм жамоаси сувга оғирлаштирилган манекен ташлаган. Тажриба давомида манекен кучли оқим таъсирида сув остига тортилган ва кейинчалик анча узоқ масофада оқим бўйлаб олиб кетилган. Манекенда ўрнатилган чуқурлик ўлчагичи эса 200 метрдан ортиқ чуқурликни қайд этгани айтилган.
Корриврекан ҳудудида сув оқимининг тезлиги тўлқин ва шамол шароитига қараб сезиларли даражада ўзгаради. Кучли сув ҳаракати натижасида гирдоблар ва тик тўлқинлар ҳосил бўлиши мумкин.
Тажриба Корриврекан сув юзасининг ҳар доим ҳам унинг остидаги кучли оқимларни акс эттирмаслигини кўрсатган. Шу сабабли ҳудуд дунёдаги энг кучли табиий гирдоблардан бири сифатида танилган.






























Изоҳлар 0
…