Канадада ёввойи бўри балиқчи тўридан фойдаланиб балиқ овлади (видео)

Канадада табиатшунослар кутилмаган манзарага дуч келди — тарихда илк бор ёввойи бўри инсон яратган асбоб ёрдамида балиқ овлаётгани видеога қайд этилди. Яқин кузатувлар шуни кўрсатдики, Британия Колумбиясида яшовчи ёш урғочи бўри тишлари билан балиқчилик тўрини тортиб чиқаришни “ўзлаштириб олган” ва бу усулдан доимий равишда фойдаланяпти.
Ҳодиса ҳақидаги маълумотлар NBC News томонидан эълон қилинди. Хейлтсук жамоати аҳолиси тўрларидан балиқлар изоҳсиз ғойиб бўлаётганини айта бошлагандан сўнг, олимлар махсус камералар ўрнатди. Кадрлар қайд этган манзара эса барчани ҳайратга солди — бўри тузилмани диққат билан ўрганиб, тўрнинг қай ердан очилишини тушуниб, чиройли ҳаракат билан уни соҳилга тортиб чиқараётгани аниқ кўринади.
Бунга қадар бундай ақл ва таҳлил қобилияти фақат қўриқхоналарда ёки махсус марказларда сақланадиган бўриларда кузатилган эди. Табиат қўйнида яшовчи бўри томонидан инсон асбоби бундай самарали қўлланиши эса илк марта расман ҳужжатлаштирилди.
Олимлар бу ҳолатни ёввойи ҳайвонлар ҳаётий шароитга мослашишда ҳайратланарли даражада ақл ишлатишига ёрқин мисол сифатида баҳоламоқда. Уларга кўра, бу фақат тасодифий ҳаракат эмас — бўри вазиятни таҳлил қилган, механизмни тушунган ва натижада балиқ олишнинг янги усулини “ижод қилган”.
Тадқиқотчилар айтишича, бу ҳолат келгусида ёввойи ҳайвонларнинг интеллектуал имкониятлари ҳақидаги қарашларни янада кенгайтиради, чунки табиатда яшовчи жонзотлар инсон яратган технологиялардан ҳам ўз эҳтиёжи учун фойдалана олаётгани энди исботланган фактга айланди.