Тошкент осмонида ҳаво сифати яна ёмонлашиши кутилмоқда

Тошкент осмонида ҳаво сифати яна ёмонлашиши кутилмоқда

Тошкент шаҳрида ҳафта охиригача тунги ва эрталабки соатларда ҳаво сифати вақтинча ёмонлашиши мумкин. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маълум қилди.

Қайд этилишича, 6 октябрь куни кундузи пойтахтнинг аксар ҳудудларида ҳаво сифати «ўртача» даражада бўлган. Бироқ соат 20:00 дан кейин кўрсаткичлар ёмонлашиб, кечаси ва эрталаб ҳавоси сезгир инсонлар учун ноқулай даражага етган.

6 октябрь соат 17:00 дан 7 октябрь соат 10:00 гача Тошкентда PM2,5 майда заррачаларининг ўртача миқдори 43,5 мкг/м³, PM10 заррачалари эса 97,2 мкг/м³ ни ташкил этган. Ушбу даврда халқаро AQI кўрсаткичи ўртача 117 даражада қайд этилган.

Мутахассислар ҳаво сифатидаги ўзгаришни асосан ноқулай об-ҳаво шароити билан изоҳламоқда. Хусусан, шамол тезлигининг тахминан 1 м/с бўлиши ва тунги кучли ҳарорат инверсияси ифлослантирувчи моддаларнинг тарқалишини қийинлаштирган.

6 октябрь соат 23:00 дан 7 октябрь соат 08:00 гача кучли ҳарорат инверсияси кузатилган. Бундай вазиятда ерга яқин совуқ ҳаво устида илиқ ҳаво қатлами ҳосил бўлиб, ҳавонинг вертикал аралашиши сусаяди. Натижада ифлослантирувчи заррачалар атмосферада узоқроқ сақланиб қолиши мумкин.

Қўмита маълумотига кўра, шу каби ҳолатлар ҳафта охиригача асосан тунги ва эрталабки пайтларда қисқа муддатга такрорланиши эҳтимоли бор.

Айни вақтда пойтахт ҳавосининг ҳолати махсус комиссия томонидан мунтазам кузатиб борилмоқда.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар