date

Зеленский Трамп режасини рад этди: эскалация яна кучаймоқда

Зеленский Трамп режасини рад этди: эскалация яна кучаймоқда

Украина раҳбарияти АҚШ томонидан таклиф этилган тинчлик ташаббусини қабул қилишдан қатъий бош тортди. The New York Times нашри маълумотларига кўра, Киев Вашингтонга тақдим этган янгиланган ҳужжатда икки асосий масалада ҳеч қандай ён беришга тайёр эмаслигини очиқ билдирган. Гап Украина қўшинларини Донецк вилоятидан олиб чиқиш ва НАТОга қўшилиш йўлидан воз кечиш ҳақида бормоқда.

Манбаларнинг таъкидлашича, ушбу “тинчлик режаси” Европа давлатлари – Лондон, Париж ва Берлин билан ўтказилган бир қатор маслаҳатлашувлардан сўнг шакллантирилган. Ҳужжат мазмуни беш нафар амалдаги ва собиқ ғарблик амалдорларга таниш. Уларга кўра, Киев музокара жараёнида ўзининг “қизил чизиқлари” деб ҳисоблаган барча бандларни атайлаб ҳужжатдан чиқариб ташлаган.

Европанинг икки юқори мартабали мулозими ва АҚШнинг собиқ расмий вакили тушунтиришича, янгиланган вариантда Украина илгари тортишувли бўлган шарқий ҳудудлар устидан назоратни сақлаб қолиш принципини қатъий мустаҳкамлаган. Шунингдек, Киевнинг НАТОга қўшилишдан воз кечиши ҳақидаги талаб ҳам ҳужжатдан бутунлай олиб ташланган.

Шу билан бирга, Франциянинг Le Monde нашри аввалроқ Украина президенти девони маслаҳатчиси Михаил Подолякка таяниб, Киев Донецк вилоятидан қўшинларни олиб чиқиш эҳтимолини кўриб чиқиши мумкинлигини, аммо бу фақат Россия қўшинлари фронт чизиғидан симметрик равишда чекиниши шарти билан амалга ошишини ёзган эди.

Аммо амалда вазият бутунлай бошқача тус олмоқда. Сўнгги кунларда Украина Россия ҳудудларига учувчисиз учиш аппаратлари орқали йирик зарбалар беришни кучайтирди. Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, дам олиш кунлари Россия томонга 400 дан ортиқ дрон учирилган.

Твер шаҳрида дрон турар жой биносига зарар етказиб, жабрланганлар борлиги қайд этилди. 13 декабрь куни Саратов ва Энгелс шаҳарларига ҳам ҳужумлар уюштирилди, қурбонлар бор. Шу билан бирга, Қора денгизда Украина денгиз дронларининг танкерларга қарши ҳужумлари давом этмоқда.

Ҳарбий таҳлилчи, “Националная оборона” журнали бош муҳаррири Игор Коротченко бу жараёнларни сиёсий фон билан бевосита боғлайди. Унинг айтишича, ҳафта бошида Зеленский Лондонда Буюк Британия, Франция ва Германия раҳбарлари билан учрашиб, Трамп томонидан таклиф қилинган 28 банддан иборат тинчлик режасини қайта кўриб чиққан.

Эксперт фикрига кўра, Европа ва Киев ушбу режани тубдан ўзгартиришга ҳаракат қилган ва шу орқали уни амалда ишламайдиган ҳолга келтирган. Коротченконинг таъкидлашича, Украина томонидан амалга оширилаётган ҳарбий ҳужумлар айнан шу сиёсий жараёнлар билан синхрон равишда олиб борилмоқда.

Унинг сўзларига кўра, Қора денгиздаги танкерларга ҳужумлар ва инфратузилмага зарбалар Киевнинг Трамп режасига очиқ қарши чиқиши сифатида баҳоланиши мумкин. Эксперт Москва томонидан қатъий жавоб зарурлигини таъкидлаб, рақиб фақат аниқ ва кескин кучни тушунишини билдирди.

Коротченко фикрича, Украина портлари ва энергетика тизимига зарбалар бериш энг таъсирли чора бўлар эди. Унинг таъбири билан айтганда, “чироқсиз қолган режим узоққа бормайди”.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Зеленский Трамп режасини рад этди: эскалация яна кучаймоқда