
Украина хавфсизлик хизмати (УХХ) сўнгги йиллардаги энг ғайриоддий ва кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган махсус операция амалга оширилганини маълум қилди. Хизматнинг расмий баёнотига кўра, Россияга тегишли «яширин флот» таркибидаги нефт танкери илк бор Украина ҳудудидан тахминан 2 минг километр узоқликда, Ўртаер денгизида йўқ қилинган.
Гап Qendil номли кема ҳақида кетмоқда. Маълум қилинишича, у бир неча босқичдан иборат режалаштирилган махсус чора-тадбирлар натижасида Ўртаер денгизининг нейтрал сувларида УХХ Махсус операциялар марказига қарашли ҳаво дронлари орқали нишонга олинган. Амалиёт мураккаб логистика ва аниқ разведка маълумотлари асосида ўтказилгани таъкидланмоқда.
УХХ маълумотларига кўра, ҳужум вақтида танкер юксиз бўлган. Шу боис, махсус операция минтақадаги экологик вазиятга ҳеч қандай хавф солмаган. Хизмат вакиллари бу жиҳат алоҳида ҳисобга олинганини қайд этмоқда.
Ҳужум оқибатида QENDIL танкери жиддий шикастланган ва энди ундан мақсадли равишда фойдаланиш имконияти қолмаган. Кема амалда ҳаракатдан чиқарилган деб баҳоланмоқда.
Bloomberg тақдим этган навигация маълумотларига кўра, мазкур нефт танкери Уммон байроғи остида сузган. У Ҳиндистондан йўлга чиқиб, Россиянинг Уст-Луга портига қараб ҳаракатланган. Украина томонига кўра, айнан шу каби кемалар Россия томонидан санкцияларни четлаб ўтиш ҳамда Украинага қарши урушни молиялаштириш учун ишлатилган.
Маҳаллий ОАВ УХХдаги манбаларга таяниб ёзишича, «тажовузкор давлат бу танкер орқали қонунбузар молиявий операциялар амалга оширган». Шу сабабли, халқаро ҳуқуқ ҳамда уруш қонунлари нуқтаи назаридан Qendil УХХ учун қонуний ҳарбий нишон ҳисобланган. Манбалар таъкидлашича, «душман Украина қаерда бўлишидан қатъи назар, уни топиб, зарба беришга қодир эканини тушуниши керак».
Бу воқеага Россия томони ҳам муносабат билдирди. Россия президенти Владимир Путин Москвада бўлиб ўтган йиллик матбуот анжумани вақтида Ўртаер денгизида Qendil танкерига зарба берилгани ҳақида хабар топганини ва бунга жавоб чоралари кўрилишини билдирди.
«Ҳозиргина маълумот келди: Ўртаер денгизида яна бир танкеримизга ҳужум қилинди. Буни жавобсиз қолдирмаймиз», — деди Путин.
Россия раҳбарига кўра, бундай ҳужумлар ҳеч қачон кутилган натижа бермайди, таъминот занжирларини издан чиқармайди ва аксинча, қўшимча хавф-хатарларни келтириб чиқаради. Шунингдек, у бундай ҳаракатлар мисли кўрилмаган кескинлашувга олиб келиши ва можарони янада чуқурлаштириши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.
Шу тариқа, Ўртаер денгизидаги мазкур ҳодиса Украина–Россия қарама-қаршилигининг янги ва хавфли босқичга ўтаётганидан дарак бермоқда.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.