
БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастури Афғонистонда озиқ-овқат танқислиги тобора оғирлашиб бораётганидан огоҳлантирди. Ташкилот маълумотига кўра, ҳозирги шароитда миллионлаб аҳолига етарли ёрдам кўрсатиш имконияти чекланган.
Қайд этилишича, Толибон ҳаракати мамлакатда ҳокимиятни қайта қўлга олганидан сўнг Афғонистонга йўналтирилаётган халқаро молиявий ва гуманитар ёрдам кескин қисқарган. Бунга қўшимча равишда, зилзилалар ва бошқа табиий офатлар мавжуд инқирозни янада чуқурлаштирган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, энг заиф қатламга мансуб 6 миллион нафар афғонистонликни озиқ-овқат билан таъминлаш учун камида 460 миллион доллар зарур. Ҳозирда эса мамлакат бўйлаб 17 миллион киши очликдан азият чекмоқда. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан қарийб 3 миллион нафарга ошган.
Айниқса, болалар орасидаги вазият ташвишли. Маълумотларга кўра, 3,7 миллион афғон боласи тўйиб овқатланмаяпти, шундан 1 миллион нафари оғир даражадаги очарчилик ҳолатида яшамоқда. Мутахассислар огоҳлантиришича, зарур ёрдам етиб бормаса, бу ҳолат узоқ муддатли соғлиқ муаммолари ва ўлим ҳолатларига олиб келиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.