Украинага оммавий ҳужум: юзлаб дрон ва ракета ишга туширилди

Украина ҳудудида яна кескин вазият юзага келди — Россия Қуролли кучлари томонидан кенг кўламли ҳаво ҳужуми амалга оширилмоқда. Маҳаллий оммавий ахборот воситалари ва мониторинг каналлари тарқатган маълумотларга кўра, зарбалар бир вақтнинг ўзида бир нечта йўналишдан уюштирилган.
24 мартга ўтар кечаси бошланган ушбу ҳужум давомида юзлаб учувчисиз учиш аппаратлари ва турли турдаги қанотли ҳамда баллистик ракеталар ишга туширилгани айтилмоқда. Манбаларга кўра, олтита йўналишдан зарба берувчи дронлар парвози қайд этилган бўлиб, бу ҳужумнинг миқёси жуда катта эканини кўрсатади.
Таҳминларга қараганда, тун давомида стратегик бомбардимончи самолётлар — Ту-95МС ва Ту-160 орқали Х-101 туридаги қанотли ракеталар қўлланилиши мумкин. Шунингдек, “Искандер-М” баллистик ракеталари, “Калибр” денгиз қанотли ракеталари, “Искандер-К” ҳамда бошқа юқори аниқликдаги қуроллар ишлатилиши эҳтимоли юқори баҳоланмоқда. Айрим манбалар гипертовушли “Кинжал” ва “Циркон” ракеталари ҳам қўлланилиши мумкинлигини қайд этмоқда.
Украина президенти Владимир Зеленский бундан бир кун олдин халққа мурожаат қилиб, ҳаво тревогаси сигналларига жиддий эътибор беришга чақирган эди. Унинг таъкидлашича, разведка маълумотлари Россия томони йирик зарбага тайёргарлик кўраётганини кўрсатган.
Аввалроқ айрим кузатув манбалари Киев ва мамлакатнинг ғарбий ҳудудлари, жумладан, муҳим инфратузилма объектлари нишонга олиниши мумкинлигини билдирган эди. Шунингдек, Россия стратегик авиациясига тегишли бир нечта самолётлар Кола ярим оролидаги аэродромдан ҳавога кўтарилгани ҳақида хабарлар тарқалган.
Ҳозирча расмий идоралар томонидан тўлиқ ва аниқ маълумот берилмаган. Бироқ вазиятнинг кескинлашгани, ҳаво ҳужумлари кўлами кенгайгани ва хавф даражаси юқори экани аён. Экспертлар фикрича, бу каби оммавий зарбалар урушнинг янги босқичга ўтаётганидан дарак бериши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!