date

Польшалик эркак ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун 139 марта имтиҳон топширди

Польшалик эркак ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун 139 марта имтиҳон топширди

Польшанинг Тарнув шаҳрида яшовчи фуқаро ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун назарий имтиҳонни 139-уринишда топшириб, ноёб рекорд ўрнатди. Бу ҳақда “РИА Новости” агентлигига Кичик Польша йўл ҳаракати маркази вакили маълум қилди.

“Яқинда Тарнув шаҳри фуқароларидан бири ҳайдовчилик гувоҳномаси учун назарий имтиҳонни муваффақиятли топширди. У бутун Польша бўйича ўзига хос рекордни қайд этди, чунки аввалги 138 та уриниши муваффақиятсиз якунланган эди”, деди агентлик манбаси.

Маълумотга кўра, номзод бу жараённи тўққиз йил давомида олиб борган. “Илк марта 2017 йилда имтиҳонга кирган ва бир неча йил мобайнида уни мунтазам қайта топшириб келган”, дея қўшимча қилди Кичик Польша йўл ҳаракати маркази вакили.

Қизиғи шундаки, номзод жиддий тайёргарлик кўрганига қарамай, тайёрланган материаллар тўлиқ эмаслиги сабабли имтиҳонда муваффақиятга эришолмаган. “Маълум бўлишича, у узоқ вақт давомида тўлиқ бўлмаган ўқув материаллари билан машғул бўлган ва имтиҳон саволларининг барчасини ўз ичига олмайдиган демо-тестлардан фойдаланган”, деди манба.

Таъкидланишича, эркак тўлиқ имтиҳон дастурига эга бўлганидан сўнг натижалари сезиларли даражада яхшиланди ва ниҳоят, назарий қисмини муваффақиятли топширди. Ҳозир эса у амалий имтиҳон учун рўйхатга олинган. Марказ ходими унинг ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш жараёнини муваффақиятли якунлайди деб умид билдирди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Польшалик эркак ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун 139 марта имтиҳон топширди