Қибрайда 19 ёшли йигит сохта прокурор бўлиб юргани аниқланди

Тошкент вилоятининг Қибрай туманида ўзини прокуратура ходими деб таништириб, қалбаки хизмат гувоҳномасидан фойдаланган 19 ёшли йигитга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати маълум қилди.
Маълум қилинишича, 12 июль куни ўтказилган тезкор тадбир давомида 2007 йилда туғилган К.Х. бошқарувидаги Cobalt автомобили тўхтатилган. Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан текширув ўтказилаётган вақтда у қонуний чоралар қўлланилишининг олдини олиш мақсадида ўзини Қибрай тумани прокуратураси ходими сифатида таништирган ҳамда қалбаки хизмат гувоҳномасини тақдим этган.
Текширув жараёнида унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомашина жарима майдончасига жойлаштирилган. Автомобил кўздан кечирилганда эса салондан бошқа давлат рақам белгиси — 25 C 836 AA аниқланган.
Шундан сўнг, гумонланувчидан қалбаки хизмат гувоҳномаси ҳамда бир жуфт давлат рақам белгиси далилий ашё сифатида олиб қўйилди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 228-моддаси тегишли қисмлари билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда иш бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






























Изоҳлар 0
…