Россияда яна бир физик олим давлатга хиёнатда айбланди

Россияда яна бир физик олим давлатга хиёнатда айбланди

Россияда 35 ёшли физик олим Максим Кравчук “давлатга хиёнат” айблови билан ҳибсга олинди. Шу тариқа, у Украинадаги уруш бошланганидан буён ушбу модда билан қўлга олинган камида саккизинчи олимга айланди. Бу ҳақда The Moscow Times хабар берди.

Маълум қилинишича, Максим Кравчук 24 июнь куни — ўзининг туғилган кунида Москва шаҳрида ҳибсга олинган. Унга нисбатан қўзғатилган жиноят ишининг тафсилотлари ошкор этилмаган. Чунки Россия қонунчилигига кўра, “давлатга хиёнат” моддаси бўйича барча ишлар махфий тартибда кўриб чиқилади.

Кравчук “Роскосмос” тизимига қарашли Марказий машинасозлик илмий-тадқиқот институтида фаолият юритган. У аэродинамика ва турбулент оқимлар соҳасидаги илмий ишлари билан танилган мутахассислардан бири ҳисобланади.

Олимнинг илмий фаолияти ракета двигательларидан ҳосил бўладиган товушдан тез газ оқимларининг учириш майдонларига таъсирини ўрганиш, шунингдек, космик учириш мажмуаларини лойиҳалашда суперкомпютер ҳисоб-китобларини қўллашга бағишланган. У, шунингдек, «Ангара-А5» ракета ташувчисини «Восточний» космодромидан учириш жараёнидаги газ динамикаси бўйича тадқиқотларда ҳам иштирок этган.

Маълумотларга кўра, Кравчук 2016 йилда давлатнинг ижтимоий ипотека дастури орқали квартира сотиб олган. Шу билан бирга, у хусусий бизнес билан ҳам шуғулланган. 2016–2019 йиллар давомида Украина ва Молдовага бир неча бор сафар қилгани қайд этилган.

Нашрнинг таъкидлашича, Украинадаги уруш бошланганидан кейин Россияда бир қатор таниқли олимларга нисбатан ҳам худди шундай айбловлар илгари сурилган. Улар орасида Россия Фанлар академияси тизимида ишлаган Анатолий Маслов, Александр Шиплюк, Дмитрий Колкер, Валерий Звегинцев ва Владислав Галкин ҳам бор.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар