Кореялик олимлар 10 сонияда ўзи кийиладиган кийим яратди

Жанубий Корея фан ва технологиялар институти (KAIST) ҳамда Стенфорд университети олимлари инсоннинг қўлларидан фойдаланмасдан кийинишига ёрдам берадиган инновацион технологияни ишлаб чиқди. Муаллифлар таъкидлашича, янги тизим одамни тўлиқ кийинтириш учун тахминан 10 сония вақт сарфлайди.
Технологиянинг асосий сири мато ичига жойлаштирилган, чирмашувчи ўсимлик новдаларига ўхшаш махсус юмшоқ найчалардадир. Ҳаво босими таъсирида бу найчалар тўғриланиб, тана бўйлаб сирғала бошлайди ва худди печак дарахт ёки устунга чирмашгани каби кийимни аста-секин инсон танасига тортиб кийгизади.
Лойиҳа муаллифи Ким Нам Гюннинг айтишича, бу ғоя унда ёмғирли кунларнинг бирида пайдо бўлган. Олим велосипедда кетаётганида ёмғирпўш ўз-ўзидан кийилса, нақадар қулай бўлиши ҳақида ўйлаб қолган. Орадан бир неча йил ўтиб, ушбу ғоя амалий прототипга айланди ва тадқиқот натижалари IEEE Robotics and Automation Letters илмий журналида эълон қилинди.
Янги конструкция одатий экзоскелетлар ёки роботлаштирилган манипуляторлардан ҳаракатланиш усули билан фарқ қилади. Найчалар мато билан бирга бутунлай сирғалмайди, балки ўсимлик новдалари каби фақат учидан «ўсиб» боради. Бу эса тизимга мураккаб бошқарув алгоритмлари ёки тана ҳолатини кузатувчи датчикларсиз ҳам елка, тирсак ва тизза каби букилувчи жойлардан осон ўтиш имконини беради.
Шунингдек, инсон бир жойда қотиб туриши шарт эмас. У юриши, ўтириши ёки эгилиши мумкин — тизим унинг ҳаракатларига автоматик равишда мослашади.

Ишлаб чиқувчилар технологияни сирпанчиқ, ёпишқоқ ва нотекис юзаларда ҳам синаб кўрган. Синовлар давомида қувурчалар тана аъзоларининг тор ва мураккаб қисмларидан ҳам ишончли тарзда ўта олгани қайд этилган.
Мутахассислар фикрича, ушбу ишланма бир қатор соҳаларда катта амалий аҳамиятга эга бўлиши мумкин. Хусусан, у кексалар ва жисмоний имконияти чекланган инсонларга бошқалар ёрдамисиз мустақил кийиниш имконини яратади.
Бундан ташқари, микрочиплар ишлаб чиқариладиган стерил лабораторияларда ходимлар ҳимоя кийимини жуда тез кийиб олишига ёрдам беради. Шунингдек, фавқулодда вазиятлар хизмати ходимлари ва қутқарувчилар учун ҳам бу технология вақтни тежашда муҳим аҳамият касб этиши мумкин. Чунки бундай вазиятларда ҳар бир сония ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Ҳозирча мазкур технология лаборатория прототипи босқичида бўлса-да, муаллифлар уни тиббиёт ходимлари, қутқарувчилар ва бошқа касб эгалари эҳтиёжларига мослаштириш устида иш олиб бормоқда. Агар лойиҳа оммавий ишлаб чиқариш босқичига етказилса, бу инновацион кийим келажакда оддий «замок» ёки ёпишқоқ лента каби иш кийимларининг ажралмас қисмига айланиши мумкин.






























Изоҳлар 0
…