Оддий дори аёл танасини кўк рангга айлантириб юборди

Кенг қўлланиладиган антибиотикни қабул қилган 68 ёшли аёлда жуда кам учрайдиган ножўя таъсир кузатилди. New England Journal of Medicine журналида эълон қилинган маълумотга кўра, дори қабул қилиш бошланганидан икки ҳафта ўтиб унинг қўл ва оёқларида кўк-кулранг доғлар пайдо бўлган. Аёл олти ҳафта давомида доғлар йўқолмаганидан сўнг шифокорларга мурожаат қилган.
Маълум бўлишича, у розацеа касаллигини даволаш мақсадида кунига 100 мг миноциклин қабул қилган. Ушбу антибиотик розацеа, ҳуснбузар ва айрим бактериал инфекцияларни даволашда кенг қўлланилади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, тери ранги ўзгариши ушбу дорининг жуда кам учрайдиган ножўя таъсирларидан бири бўлиб, беморларнинг 3–15 фоизида кузатилади.

Дастлаб доғлар фақат оёқларда пайдо бўлган, кейинчалик қўллар ва тилнинг ён қисмларига ҳам тарқалган. Шундан сўнг аёлга миноциклин чақирган гиперпигментация ташхиси қўйилган.
Шифокорлар унга дори қабул қилишни тўхтатиш ва қуёш нурларидан эҳтиётланишни тавсия қилди. Олти ойдан кейин доғлар бироз камайган бўлса-да, тўлиқ йўқолмаган.
Мутахассислар қайд этишича, миноциклин бош айланиши, кўнгил айниши ва бош оғриғидан ташқари, кам ҳолларда тери рангининг ўзгариши, эритема мультиформе ҳамда ҳаёт учун хавфли бўлиши мумкин бўлган Стивенс–Жонсон синдроми каби жиддий асоратларни ҳам келтириб чиқариши мумкин. Шу боис дори қабул қилишдан аввал унинг эҳтимолий ножўя таъсирлари ҳақида беморларни огоҳлантириш муҳимлиги таъкидланмоқда.






























Изоҳлар 0
…