Гўшт учун ўғирланган 400 дан ортиқ мушуклар қутқариб қолинди

Вьетнамда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўтказилган махсус операция давомида юзлаб уй ҳайвонлари ҳалокатдан сақлаб қолинди. Полиция мушукларни ўғирлаш ва уларни ноқонуний савдога чиқариш билан шуғулланган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйди.
Маълумотларга кўра, амалга оширилган рейдлар чоғида 400 дан ортиқ тирик мушук ҳамда музлатилган ҳолатда сақланаётган ўнлаб ҳайвонлар аниқланган. Шунингдек, бошқа манзилдан ҳам бир неча ўнта мушук топилиб, хавфсиз жойга олиб чиқилган.
Тергов давомида ушбу жиноий тармоқ аъзолари охирги бир неча йил мобайнида мамлакат жанубий ҳудудларида мушукларни йиғиш ва сотиш билан шуғулланганини тан олган. Улар ҳайвонларни махсус жойларда сақлаб, кейинчалик савдогарларга етказиб бериб келган.
Ҳайвонларни ҳимоя қилиш ташкилотлари маълум қилишича, қутқарилган мушукларнинг бир қисми ўз эгаларига қайтарилган. Бироқ оғир шароитда сақлангани сабабли айрим ҳайвонларни сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган.
Мутахассислар таъкидлашича, Вьетнамда ҳар йили миллионлаб ит ва мушуклар ноқонуний равишда ушланиб, савдо занжирига жалб этилади. Бироқ сўнгги йилларда жамоатчиликнинг бу масалага муносабати ўзгариб бормоқда. Айниқса, ёшлар ва уй ҳайвонлари боқувчилари бундай амалиётларга қарши қатъий позиция билдирмоқда.
Айни пайтда полиция мазкур иш юзасидан суриштирувларни давом эттирмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар йўқолган уй ҳайвонларининг эгаларини мурожаат қилишга чақирган.





























Изоҳлар 0
…