Баскетбол турниридаги отишма машҳур спортчи ҳаётига зомин бўлди

Баскетбол турниридаги отишма машҳур спортчи ҳаётига зомин бўлди

АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида ўтказилаётган баскетбол турнири фожиали воқеа билан якунланди. Жорий йилнинг 10 июль куни кечаси америкалик баскетболчи Кайна Рочфорд ўйинлар оралиғидаги танаффус вақтида юз берган отишма оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда полиция маълумотларига таяниб, New York Post газетаси хабар берди.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари маълум қилишича, 35 ёшли спортчи бош қисмига ўқ текканидан сўнг воқеа жойида ҳаётдан кўз юмган. Дастлабки маълумотларга кўра, отишма Рочфорднинг бошқа бир эркак билан юзага келган жанжали ортидан содир бўлган. Ҳодиса оқибатида яна икки нафар фуқаро турли даражада жароҳат олган. Улар шифохонага олиб борилган бўлиб, шифокорлар уларнинг аҳволини барқарор деб баҳоламоқда.

Нашрнинг ёзишича, Кайна Рочфорд Нью-Жерсидаги Фэрли Дикинсон университетининг энг ёрқин ва иқтидорли баскетболчиларидан бири бўлган. У Леннокс авенюсидаги “Мартин Лютер Кинг” тураржой мажмуасида ўтказилаётган Kingdome Basketball Tournament мусобақаси давомида маҳаллий вақт билан тахминан соат 22:30 атрофида бошидан ўқ еган.

Қўшнилардан бирининг сўзларига кўра, Рочфорд икки ўғил ва бир қиз фарзандли оилада вояга етган. Унинг ота-онаси эса бир неча йил аввал Тринидаддан АҚШга кўчиб келган.

Нью-Йорк шаҳри мэри Зоҳран Мамдани ушбу қотилликни кескин қоралаб, X ижтимоий тармоғида Рочфорднинг яқинларига ҳамдардлик билдирди. У ўз баёнотида бу каби мантиқсиз зўравонликлар жамиятда ўрин олмаслиги кераклигини таъкидлади.

Кайна Рочфорд фаолияти давомида бир қатор хориж клублари шарафини ҳимоя қилган. Жумладан, у Нидерландия, Исроил, Франция, Швейцария, Буюк Британия ва бошқа мамлакатларда профессионал баскетболчи сифатида тўп сурган.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар