Челси афсонаси Хаби Алонсо учун трансфер мақсадини кўрсатди: Жон Стоунз Лондон йўлида

Лондоннинг Челси клуби янги бош мураббийи Хаби Алонсо жамоа таркибини кучайтириш борасида илк маслаҳатларни ола бошлади. Клуб афсонаси Жимми Флойд Ҳасселбайнк испаниялик мутахассисга Англия терма жамоаси ҳимоячиси Жон Стоунзни эркин агент сифатида қўлга киритишни тавсия қилди. Бу қадам ёш таркибга эга бўлган "аристократлар" учун тажриба ва етакчилик қобилиятини қўшиши кутилмоқда. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Хаби Алонсо душанба куни Лиам Розениор ўрнига Челси бош мураббийи сифатида расман таништирилди. Ўтган мавсумда Англия Премер-лигасида 10-ўринни эгаллаган жамоа учун бу тайинлов янги давр ибтидоси сифатида кўрилмоқда. Мураббийга трансферлар масаласида кенг ваколатлар берилгани унинг таркибни ўз қарашларига мослаб шакллантиришига имкон яратади.
Тажриба ва жисмоний ҳолат мувозанати
Ҳасселбайнкнинг фикрича, Жон Стоунзнинг Манчестер Сити билан шартномаси якунлангани Челси учун айни муддао. Goal.com нашри хабарига кўра, собиқ ҳужумчи ҳимоячининг жароҳатларга мойиллиги ҳақидаги хавотирларни рад этиб, келаси мавсумдаги енгилроқ тақвим Лондон клуби фойдасига ишлашини таъкидлаган."Мен Алонсонинг Жон Стоунзни олиб келишини жуда хоҳлардим. Кўпчилик унинг тез-тез жароҳат олишини айтиши мумкин, аммо Челси келаси мавсумда Еврокубокларда ўйнамайди. Бу эса ҳафтада фақат бир марта майдонга тушишни англатади", — дейди Ҳасселбайнк WhоСкоред нашрига берган интервюсида.
Ҳасселбайнкнинг ҳисоб-китобларига кўра, камроқ ўйинлар сони Стоунзга тикланиш учун кўпроқ вақт беради ва у камида 30 та учрашувда юқори даражадаги ўйин намойиш эта олади. Бу эса ёш ҳимоячилар учун ҳақиқий ўрнак бўлиши мумкин.
Трансфер бозоридаги мақсадлар
Хаби Алонсо жамоага келиши билан таркибни тажрибали ўйинчилар билан тўлдириш ҳаракатини бошлаган. Маълумотларга кўра, у аввалроқ Гранит Жака номзодини кўриб чиққан эди, бироқ швейцариялик ярим ҳимоячи Сандерлендда қолишга қарор қилди. Шу сабабли, Стоунз каби кўплаб совринлар ютган ҳимоячи Алонсо учун асосий нишонга айланиши мумкин.Челси раҳбарияти ва янги мураббий олдида турган асосий вазифа — жамоанинг ҳимоя чизиғидаги барқарорликни тиклашдир. Жон Стоунзнинг тўп билан ишлаш маҳорати ва майдонни кўра олиш қобилияти Хаби Алонсонинг тактик схемаларига тўлиқ мос келади. Агар ушбу трансфер амалга ошса, Лондон клуби ҳимояси янги босқичга кўтарилиши шубҳасиз.






























Изоҳлар 0
…