Жазирама таъсири: Тошкент метросида поездлар 14 дақиқагача кечикади

Тошкентда кузатилаётган аномал иссиқ об-ҳаво метрополитен ҳаракатига ҳам таъсир кўрсатмоқда. “Тошкент метрополитени” маълум қилишича, юқори ҳарорат туфайли ерусти метро йўналишларида поездлар тезлиги вақтинча чекланади.
Расмий маълумотга кўра, 15 июлдан бошлаб ерусти йўналишларидаги темир йўл релслари ҳарорати 55 даражадан ошиб кетаётгани сабабли хавфсизлик чоралари кучайтирилади. Шу муносабат билан ҳар куни соат 18:00 гача поездлар тезлиги 60 км/соатдан 40 км/соатга туширилади.
Мазкур ўзгаришлар йўловчилар учун поездлар ҳаракат интервалига ҳам таъсир қилиши мумкин. Хусусан, ерусти метро йўналишларида поездларни кутиш вақти айрим ҳолларда 14 дақиқагача чўзилиши эҳтимоли бор.
Метрополитен маъмурияти таъкидлашича, ушбу вақтинчалик чекловлар фақат ерусти йўналишларида ҳаракатланувчи поездларга тааллуқли. Ерости метро линиялари эса аввалги тартибда хизмат кўрсатишда давом этади.
Мутахассислар бундай чоралар юқори ҳарорат таъсирида релсларда юзага келиши мумкин бўлган техник носозликларнинг олдини олиш ва йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жорий этилганини билдирмоқда.






























Изоҳлар 0
…