Очликнинг 17-куни: Машҳур фаол таълим вазирини истеъфога чақирди

Ҳиндистонлик таниқли жамоат фаоли ва муҳандис Сонам Вангчук Деҳли марказида очлик акциясини бошлаганига 17 кун бўлди. Унинг соғлиғи тобора оғирлашаётгани айтилмоқда. Фаол мамлакат таълим вазири Дҳармендра Прадҳаннинг истеъфосини талаб қилмоқда. Бу ҳақда The Independent хабар берди.
Вангчук май ойида юз берган имтиҳон саволлари сизиб чиқиши можаросидан кейин норозиликка чиққан ёшларни қўллаб-қувватламоқда. Ушбу воқеа миллионлаб талабаларга таъсир қилган ва бош вазир Нарендра Моди ҳукуматига қарши эътирозларни кучайтирган.
Норозилик акциясини 30 ёшли Абҳижит Дипке асос солган Cockroach Janta Party (CJP) — “Сувараклар халқ партияси” ташкил қилмоқда. Ҳаракат Instagram'да тез оммалашиб, бир неча кун ичида 22 миллион обуначи тўплаган.
59 ёшли Вангчук Деҳлидаги Жантар Мантар майдонида очликни давом эттирмоқда. Reuters маълумотига кўра, у ҳатто гапиришга ҳам жуда ожиз. CJP билдиришича, 14 июль ҳолатига у 8,5 килограмм вазн йўқотган. 13 июль куни эса акция иштирокчиларидан бири ҳушидан кетиб, шифохонага олиб кетилган.
Вазир Дҳармендра Прадҳан ва ҳукумат расмийлари ҳозирча бу масала юзасидан изоҳ бермаган.
Сонам Вангчук ўз вақтида машҳур Болливуд фильми қаҳрамони образига илҳом берган муҳандис сифатида ҳам танилган. Мухолифат етакчилари унинг ҳаёти хавф остида эканини таъкидлаб, очлик акциясини тўхтатишга чақирмоқда.
Норозиликларга яна бир асос — ёшлар ўртасидаги ишсизлик ва имтиҳонлардаги қонунбузарликлар бўлди. Имтиҳон саволлари интернетга тарқалганидан сўнг 2,3 миллион нафар абитуриент қатнашган тиббиёт коллежига қабул имтиҳонлари бекор қилиниб, кейинчалик қайта ўтказилган.






























Изоҳлар 0
…