Миллионерлар динозавр скелетлари учун рекорд маблағ сарфламоқда

Дунёдаги энг бой инсонлар орасида ноодатий коллекцияларга қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Энди улар қимматбаҳо санъат асарлари ёки футбол клублари билан бир қаторда миллионлаб доллар эвазига динозаврлар скелетларини ҳам харид қилмоқда. Бу ҳақда Bloomberg нашри хабар тарқатди.
Маълум қилинишича, айрим миллиардерлар бундай қадимий топилмаларни нафақат ноёб коллекция, балки қиймати йиллар давомида ошиб бориши мумкин бўлган инвестиция сифатида ҳам баҳоламоқда.
Шулардан бири — технологик тадбиркор ва миллиардер Дэн О'Дауд. У "Самсон" лақабини олган тираннозавр скелетини 600 минг долларга сотиб олган. Миллиардер бу харидни "инсон эгалик қилиши мумкин бўлган энг ҳайратланарли ўлжа" деб таърифлаган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай қадимий қолдиқларнинг нархи бир қатор омилларга боғлиқ. Жумладан, уларнинг ҳақиқийлиги, сақланиш даражаси, динозавр турининг ноёблиги ҳамда топилманинг қанчалик тўлиқ экани асосий мезонлар ҳисобланади.
Яқинда Нью-Йорк шаҳридаги Sotheby's кимошди савдосида "Гас" деб номланган тираннозавр рекс скелети телефон орқали иштирок этган номаълум харидорга рекорд даражадаги 50,1 миллион долларга сотилди.
Бу натижа ўтган йилги рекордни ҳам ортда қолдирди. 2024 йилда "Апекс" лақабли стегозавр скелети 44,6 миллион долларга сотилган эди. Эътиборлиси, "Гас" учун кимошди олдидан 20–30 миллион доллар атрофида нарх кутилаётган бўлса-да, якунда унинг баҳоси кутилганидан анча юқорига кўтарилди.
Маълумотларга кўра, ушбу скелетлар ҳозиргача топилган энг йирик ва энг яхши сақланган динозавр қолдиқлари қаторига киради. Улар 2021–2023 йиллар оралиғида АҚШнинг Жанубий Дакота штатида жойлашган ранчолардан бирида аниқланган. "Гас" лақаби эса қазиш ишлари амалга оширилган ҳудуд эгасининг номи шарафига берилган.
Мутахассислар фикрича, ноёб палеонтологик топилмаларга бўлган қизиқиш келгуси йилларда ҳам ортиши мумкин. Шу боис динозаврлар скелетлари нафақат илмий аҳамиятга эга мерос, балки энг қиммат коллекция активларидан бирига айланиб бормоқда.






























Изоҳлар 0
…