Истанбулда 4 қаватли бино сониялар ичида қулаб тушди

Туркиянинг Истанбул шаҳри Баҳчелиевлер туманида 4 қаватли турар жой биноси 5 август куни соат тахминан 20:30 да ҳеч қандай ташқи таъсирсиз бир неча сония ичида қулаб тушди. Ҳодисадан бир неча соат аввал устунлардан қарсиллаган товушлар эшитилгач, бино аҳолиси эвакуация қилинган. Дастлабки маълумотларга кўра, жабрланганлар қайд этилмаган.
Туркиянинг Истанбул шаҳри Баҳчелиевлер туманида 4 қаватли турар жой биноси кутилмаганда қулаб тушди. Ҳодиса содир бўлишидан бир неча соат аввал бино устунларидан ғалати қарсиллаган товушлар эшитилгани сабабли аҳоли хавотирланиб, дарҳол полиция ва ўт ўчирувчиларга мурожаат қилган.
Фавқулодда хизматлар воқеа жойига етиб келгач, бинода яшовчилар зудлик билан эвакуация қилинган. Орадан кўп ўтмай, 5 август куни соат тахминан 20:30 да бино ҳеч қандай ташқи таъсирсиз бир неча сония ичида қулаб, вайрон бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида жабрланганлар қайд этилмаган, чунки бино ўз вақтида бўшатилган.
Маълум қилинишича, 1988 йилда қурилган мазкур бинода 22 та хонадон ва 2 та савдо дўкони жойлашган эди. Мутахассислар бинонинг қулаш сабаблари юзасидан техник экспертиза бошлаган. Дастлабки тахминларга кўра, конструкциядаги носозлик ёки таянч қисмларининг заифлашуви ҳодисага сабаб бўлган бўлиши мумкин. Расмий хулоса тергов якунлангач эълон қилинади.






























Изоҳлар 0
…