Жанубий Кореяда ўзбекистонлик аёл 4 мушукни ўлдиришда гумонланмоқда

Жанубий Кореяда ўзбекистонлик аёл 4 мушукни ўлдиришда гумонланмоқда

Жанубий Кореянинг Кёнсан-Намдо провинцияси Кимхе шаҳрида 20 ёшлардаги Ўзбекистон фуқароси тўрт мушукчани бинодан улоқтириб, ўлдирганликда гумонланиб, прокуратурага юборилди. Бу ҳақда Korea Daily хабар берди.

Кимхе марказий полиция бўлими маълумотларига кўра, аёлга нисбатан ҳайвонларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунни бузиш ва бошқа ҳуқуқбузарликлар бўйича иш очилган. У ҳозирча ҳибсга олинмаган ҳолда прокуратурага юборилган.

Тергов маълумотларига кўра, аёл июль ойида Кимхе шаҳрининг Дэсондун ҳудудидаги кўп қаватли уйнинг 5-қаватида жойлашган хонадонида бўлган вақтида мушукчаларни деразадан ташлаб юборган. Натижада тўрт ҳайвоннинг барчаси ҳалок бўлган.

Ҳалок бўлган мушуклар орасида Russian Blue, Korean Shorthair ва Ragdoll зотлари бўлган. Маълум бўлишича, аёл уларнинг айримларини ижтимоий тармоқлар орқали бепул олган, бошқаларини эса ҳайвонлар дўконидан сотиб олган. Мушукчаларнинг ёши тахминан икки ой бўлган.

Терговга кўра, жиноятлардан бири вақтинча парваришловчи шахсдан мушукчани олганидан кўп ўтмай содир бўлган. Уй шароитини кўрган вақтинча эгаси мушукчани беришдан воз кечмоқчи бўлган, аммо аёл уни ҳеч бўлмаса бир кун уйида қолдиришни сўраган. Кейин эса мушукчани деразадан ташлаб юборгани аниқланган.

Полиция маълумотларига кўра, аёл сўроқ вақтида қилмишини тан олган. У ҳайвонларни кайфияти ёмон бўлган пайтларда ўлдирганини айтган. Ҳодиса ҳайвонларни ҳимоя қилиш ташкилоти мурожаатидан кейин фош бўлган.

Қизиғи, тергов жараёни давомида ҳам аёл бошқа мушукчани асраб олишга урингани ҳақида маълумотлар пайдо бўлган. Ҳозирда иш бўйича қўшимча текширувлар давом этмоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар