Ўзбекистонда илк бор беморга бир вақтнинг ўзида икки орган кўчирилди

Ўзбекистонда илк бор беморга бир вақтнинг ўзида икки орган кўчирилди

Ўзбекистонда тиббиёт соҳасида муҳим тарихий натижа қайд этилди. Мамлакатда илк бор битта беморга бир вақтнинг ўзида жигар ва буйрак трансплантацияси муваффақиятли амалга оширилди. Бу ҳақда “Замон” информацион дастурида хабар берилди.

Мураккаб жарроҳлик амалиёти Миллий тиббиёт марказида ўтказилди. Операция жигар циррози ҳамда сурункали буйрак етишмовчилигининг терминал босқичидан азият чеккан, тўрт йил давомида гемодиализ муолажасини олган беморда бажарилди.

Самарқанд вилояти Пахтачи туманида яшовчи аёл саккиз йилдан буён жигар касаллиги билан курашиб келган. Кейинчалик унинг буйраклари ҳам ўз фаолиятини йўқотгани сабабли бемор тўрт йил давомида мунтазам равишда гемодиализ олишга мажбур бўлган.

Беморда гепатит C касаллиги оқибатида жигар циррози ҳам ривожланган. Илгарироқ унга жарроҳлик амалиётини хорижда, хусусан, Ҳиндистонда ўтказиш тавсия этилган. Бироқ донор топиш ва даволаниш харажатларини қоплаш учун етарли маблағ топиш имкони бўлмаган.

Шифокорларнинг таъкидлашича, бундай мураккаб ҳолатда фақат жигар ёки фақат буйракни кўчириб ўтказиш кутилган натижани бермаслиги мумкин. Шу боис ҳар икки органни бир вақтнинг ўзида трансплантация қилиш бемор ҳаётини сақлаб қолиш имконини берувчи энг мақбул ечим сифатида кўрилган.

Шундан сўнг Миллий тиббиёт марказида беморга юқори технологияли мураккаб операция ўтказилиб, бир вақтнинг ўзида ҳам жигар, ҳам буйрак кўчириб ўтказилди. Мутахассислар бундай мураккаб амалиётлар одатда трансплантология соҳаси юқори даражада ривожланган давлатларда амалга оширилишини таъкидлаган.

Шифокорлар мазкур операция Ўзбекистон тиббиёти учун муҳим қадам эканини қайд этди. Ушбу тажриба оғир жигар ва буйрак етишмовчилиги билан яшаётган беморларга юқори технологияли трансплантация ёрдамини кўрсатиш имкониятларини янада кенгайтириши кутилмоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар