Нью-Джерси соҳилида осмонда улкан тўлқин пайдо бўлди

АҚШнинг Нью-Джерси штатидаги Кейп-Мей соҳили узра кузатилган ғайриоддий об-ҳаво ҳодисаси аҳоли ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг эътиборини тортди. Осмонда пайдо бўлган улкан булутлар тузилиши денгизда ҳаракатланаётган катта тўлқинни эслатган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода уфқ бўйлаб чўзилган узун ва қоронғи булутлар қатлами аста-секин соҳил томон ҳаракатланаётганини кўриш мумкин. Ғайриоддий кўриниш денгиз узра улкан тўлқин кўтарилаётгандек тасаввур уйғотган.
Драматик манзара акс этган видео X ижтимоий тармоғида тарқалган ва қисқа вақт ичида кенг омма эътиборини қозонган. Кўплаб фойдаланувчилар осмондаги бу табиий ҳодисанинг кўринишига ҳайрат билдирган.
Бироқ об-ҳаво мутахассислари мазкур ҳодиса торнадо эмаслигини маълум қилди. Уларнинг тушунтиришича, бу паст баландликда шаклланадиган, горизонтал ёки понасимон кўринишга эга булут қатлами ҳисобланади.
Бундай булутлар одатда момақалдироқли бўрон ёки кучли шамол тизимининг олдинги қисми бўйлаб ҳосил бўлади. Улар осмон бўйлаб ҳаракатланганида жуда таъсирчан манзараларни юзага келтириши, айрим ҳолатларда эса узоқдан улкан тўлқин ёки булутлар деворига ўхшаб кўриниши мумкин.






























Изоҳлар 0
…