Бўстонлиқда 320 минг йиллик ноёб топилмалар аниқланди

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Аркутсой палеолит ёдгорлигида 320–280 минг йил аввал шаклланган қатламдан қадимги инсонлар томонидан ишлов берилган тош буюмлар топилди. Агар мазкур сана лаборатория таҳлиллари орқали тасдиқланса, Аркутсой Ўзбекистондаги энг қадимги палеолит ёдгорлиги сифатида эътироф этилиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Фанлар академияси хабар берди.
Маълум қилинишича, ноёб топилмалар Ўзбекистон Фанлар академияси Антропология институти ҳамда Россия Фанлар академияси Сибирь бўлими Археология ва этнография институти мутахассисларининг қўшма тадқиқотлари давомида аниқланган.
Аркутсой ёдгорлигини мақсадли археологик ўрганиш ишлари 2024 йилда бошланган. Ҳозирда қазишма ва кузатув ишлари учта алоҳида майдонда олиб борилмоқда.
Тадқиқотлар жараёнида ёдгорликнинг биринчи, иккинчи ва учинчи қадимий кўмилма тупроқ қатламларидан инсон томонидан ишлов берилган тош артефактлар топилган. Бу эса қадимги одамлар мазкур ҳудудни турли даврларда бир неча босқичда ўзлаштирганидан далолат бериши мумкин.
Мутахассисларнинг дастлабки геологик ва палеоиқлимий баҳолашларига кўра, учинчи қатлам 320–280 минг йил аввал шаклланган.

Аввалги изланишлар даврида ҳам ёдгорликнинг 20 ва 40 метр чуқурликдаги қатламларидан айрим тош артефактлар топилган. Бироқ уларнинг аниқ стратиграфик ҳолати етарлича ҳужжатлаштирилмагани сабабли, топилмаларнинг қайси даврга мансублигини ишончли белгилаш қийин бўлган.
Олимларнинг таъкидлашича, янги топилмалар қадимги инсонларнинг Марказий Осиё ҳудуди бўйлаб тарқалиши, шунингдек, уларнинг турли табиий ва иқлимий шароитларга мослашув жараёнларини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади.
Шу билан бирга, лёсс ва қадимий тупроқ қатламларини археологик топилмалар билан биргаликда ўрганиш орқали қадимги инсонлар фаолияти, иқлим ўзгаришлари ва ландшафт ривожи ўртасидаги боғлиқликни аниқлаш мумкин.

Агар 320–280 минг йиллик сана мустақил лаборатория таҳлиллари билан тасдиқланса, бу қадимги инсонлар Тошкент воҳаси ва ҳозирги Ўзбекистон ҳудудини бундан 320 минг йил аввал ҳам ўзлаштирганини кўрсатувчи муҳим илмий далил бўлади.






























Изоҳлар 0
…