Ғарбий Қозоғистонда боғча ҳисобчиси ўз маошини 30 миллион тенгега оширган

Ғарбий Қозоғистонда боғча ҳисобчиси ўз маошини 30 миллион тенгега оширган

Ғарбий Қозоғистон вилояти Сирим туманидаги боғчалардан бирининг ҳисобчиси бюджет маблағларини ўзлаштирганликда гумонланмоқда. У беш йил давомида ўзининг банк ҳисоб рақамларига штат жадвалида белгиланган маошидан ортиқча равишда 30 миллион тенгадан зиёд (қарийб 65 минг доллар) маблағ ўтказган.

Бу ҳақда Ғарбий Қозоғистон вилояти прокуратураси маълум қилди.

Прокуратура текшируви давомида боғча ҳисобчиси бир неча йил давомида ўз маошини асоссиз равишда ошириб, қўшимча маблағларни шахсий банк ҳисоб рақамларига ўтказиб келгани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан Қозоғистон Жиноят кодексининг 189-моддаси 4-қисми 2-банди — (ўта йирик миқдорда ўзлаштириш) бўйича терговга қадар текширув бошланган. Кейинчалик ишни давом эттириш учун Ғарбий Қозоғистон вилояти Иқтисодий тергов департаментига юборилган.

Айни пайтда жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қозоғистон қонунчилигига кўра, мазкур модда бўйича айбдор деб топилган шахсга мол-мулкини мусодара қилиш, муайян лавозимларда ишлаш ёки муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этиш билан бирга 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар