БАА Эроннинг АҚШ авиабазасига ҳужумларидан сўнг дронни тутиб қолганини маълум қилди

Бирлашган Араб Амирликлари Мудофаа вазирлиги мамлакатнинг ҳудудий сувлари устида Эронга тегишли учувчисиз учиш қурилмаси тутиб қолинганини маълум қилди. Бу ҳақда NUR.KZ хабар берди.
БАА Мудофаа вазирлиги X ижтимоий тармоғида баёнот бериб, Эрон томонидан учирилган дрон тутиб қолинганини маълум қилган.
«БАА Ҳарбий-ҳаво кучлари Эрон томонидан яқинлашиб келаётган учувчисиз қурилма мамлакатнинг ҳудудий сувлари устида аниқланганидан сўнг чора кўрди.
Мудофаа вазирлиги Қуролли кучлар ҳар қандай эҳтимолий таҳдидларга қарши туриш учун юқори даражада шай ҳолатда эканини тасдиқлайди. Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари мамлакат ҳаво ҳудудини сутка давомида узлуксиз назорат қилиб, уни ҳимоя қилишда давом этмоқда.
Шунингдек, вазирлик аҳолини ахборот олишда фақат расмий манбаларга таянишга ҳамда турли миш-мишлар ёки ноаниқ маълумотларни тарқатмасликка чақирди», — дейилади хабарда.
«Синьхуа» агентлиги хабар беришича, Эрон армияси БАА ҳудудида жойлашган АҚШнинг Ал-Минҳад авиабазасига дронлар ёрдамида ҳужум қилинганини маълум қилган.
Қайд этилишича, Эрон армияси авиабазада АҚШ ҳарбий вертолётлари ва шахсий таркиби жойлашган ҳудудларга бир неча ўнлаб дронлар орқали зарба берган.
Аввалроқ АҚШ Ҳўрмуз бўғозида Эронга тегишли объектларга денгиз миналарини ўрнатишнинг олдини олиш мақсадида зарба бергани хабар қилинган эди. Эрон эса жавоб зарбаси сифатида Иорданиядаги АҚШ ҳарбий авиабазаларига ҳужум қилганини маълум қилган.






























Изоҳлар 0
…