Индонезияда ҳукумат тарқатган бепул овқатдан 800 га яқин киши заҳарланди

Индонезияда ҳукумат тарқатган бепул овқатдан 800 га яқин киши заҳарланди

Индонезияда ҳукуматнинг бепул овқат дастури доирасида тарқатилган таомларни истеъмол қилган қарийб 800 киши заҳарлангани айтилмоқда. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Маълумотларга кўра, Жанубий Явадаги Сидоаржо ҳудудида 512 нафар ўқувчи, Нганжук шаҳрида 49 нафар киши ва Ғарбий Суматранинг Агам ҳудудида 237 нафар одам овқатдан заҳарланган. Шу тариқа, сўнгги ҳолатларда жабрланганлар сони жами 798 нафарни ташкил этган.

Парламент комиссияси аъзоси Чарльз Хонорис бу ҳолатларни алоҳида ҳодисалар сифатида баҳолаб бўлмаслигини айтди. Унинг фикрича, юзага келаётган муаммолар тизимдаги камчиликлар билан боғлиқ.

Дастурни назорат қилувчи Миллий озиқланиш агентлиги депутатнинг баёнотига ҳозирча муносабат билдирмаган. Сидоаржодаги заҳарланиш билан боғлиқ деб гумон қилинаётган ошхона эса 30 кунга фаолиятидан четлатилган. Ҳозирда ҳолат юзасидан текширув олиб борилмоқда.

Нодавлат Network for Education Watch ташкилоти маълумотига кўра, 8 август ҳолатига ҳукуматнинг бепул овқат дастури билан боғлиқ оммавий заҳарланиш ҳолатларидан тахминан 37 600 киши жабрланган.

Расмийлар овқатдан заҳарланиш ҳолатларига кўпинча таомларнинг талаб даражасида сақланмаслиги ва тайёр овқатларни етказиб беришдаги кечикишлар сабаб бўлаётганини билдирган.

Индонезия президенти Прабово Субианто томонидан 2025 йилда йўлга қўйилган дастур мамлакатдаги ўнлаб миллион болаларни бепул овқат билан таъминлаш ва болалар ўртасидаги тўйиб овқатланмаслик муаммосини камайтиришга қаратилган. Бироқ дастур оммавий заҳарланишлар, коррупция бўйича даъволар ва катта харажатлар билан боғлиқ танқидларга ҳам дуч келмоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар