АҚШда жарроҳ 56 километр узоқликдан беморни робот орқали операция қилди

АҚШда тиббиёт соҳасидаги янги технологиялар имкониятини намоён этган ноодатий операция ўтказилди. Жарроҳ бемордан 56 километр узоқликда жойлашган шифохонада туриб, роботлаштирилган тизим ёрдамида саратонга чалинган беморни муваффақиятли операция қилди. Бу ҳақда ABC News хабар берди.
Воқеа Флорида штатида содир бўлган. 66 ёшли бемор Миннеола шаҳридаги AdventHealth шифохонасида бўлган. Жарроҳ Випул Пател эса ундан тахминан 56 километр масофадаги Селебрейшн шаҳрида жойлашган AdventHealth Celebration тиббиёт марказидан операцияни бошқарган.
У роботлаштирилган жарроҳлик тизими орқали махсус асбобларни масофадан туриб ҳаракатлантирган ва беморнинг простата безини олиб ташлаш амалиётини бажарган. Шу билан бирга, операция давомида бемор ёнида яна бир малакали жарроҳ ҳам ҳозир бўлган.
Операция муваффақиятли якунланган, беморнинг аҳволи эса барқарорлашган.
Жарроҳ Випул Пателнинг таъкидлашича, бундай технологиялар келажакда йирик тиббиёт марказларидан узоқ ҳудудларда яшовчи аҳоли учун ҳам мураккаб жарроҳлик хизматларидан фойдаланиш имкониятини ошириши мумкин.
Мутахассислар фикрича, масофавий роботлаштирилган жарроҳлик тиббиёт соҳасида янги имкониятлар эшигини очиши мумкин.






























Изоҳлар 0
…