Британияда ҳукумат огоҳлантиришидан сўнг аҳоли ҳожатхона қоғозига ёпирилди

Британияда ҳукумат огоҳлантиришидан сўнг аҳоли ҳожатхона қоғозига ёпирилди
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Буюк Британия ҳукумати аҳолига фавқулодда вазиятлар, электр ва сув таъминотидаги узилишларга тайёр туришни тавсия қилганидан сўнг мамлакатда саросимали харидлар бошланди.
  • Фуқаролар дўконлардан ҳожатхона қоғози, консерва, ичимлик суви ҳамда ёритиш воситаларини оммавий равишда харид қила бошлади, натижада айрим маҳсулотлар савдоси 43 фоиздан 284 фоизгача ошди.

Буюк Британияда ҳукуматнинг фавқулодда вазиятларга тайёргарлик кўриш ҳақидаги тавсиясидан сўнг аҳоли орасида саросимали харидлар бошланди. Фуқаролар дўконларга ёпирилиб, ҳожатхона қоғози, консерва маҳсулотлари, ичимлик суви ва бошқа зарур буюмларни захира қилишга киришди. Бу ҳақда The Independent хабар берди.

Ҳукумат аҳолига эҳтимолий фавқулодда ҳолатлар, электр энергияси ва сув таъминотидаги узилишларга тайёр туришни тавсия қилган. Хусусан, ҳар бир хонадонда камида уч кунга етадиган озиқ-овқат, ичимлик суви, нақд пул ва биринчи эҳтиёж учун зарур воситалар бўлиши кераклиги айтилган.

Мазкур чақириқ мамлакатда пандемия даврини эслатувчи ҳолатни юзага келтирди. Дўконларда айрим маҳсулотларга талаб кескин ошиб, баъзи товарлар сотувдан чиқиб кетди.

Дўконларда савдо кескин кўпайди

Бамбукдан ҳожатхона қоғози ишлаб чиқарувчи Cheeky Panda компанияси маълумотига кўра, маҳсулотлар савдоси 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 43 фоизга ошган. Компания ҳаммуассиси Жули Чен аҳолига зарур буюмларни оз миқдорда захира қилишни маъқуллаган, бироқ ортиқча харид қилиб, дўкон пештахталарини бўшатиб қўймасликка чақирган.

Serious Tissues компаниясида ҳам сўнгги беш кун ичида савдо ҳажми 36 фоизга кўпайган.

Шунингдек, B&M дўконлар тармоғида ҳожатхона қоғози савдоси 19 фоизга ошган. Maplin дўконларида эса чўнтак фонарлари савдоси 284 фоизга, радиолар 92 фоизга, ташқи қувватлаш қурилмалари — повербанклар савдоси 106 фоизга ўсган.

Ocado онлайн савдо платформасида Volvic ва Highland Spring ичимлик сувлари, шунингдек, Heinz шўрвалари айрим вақтларда тугаб қолган.

Мамлакат мудофаа вазири Уэс Стритинг аҳолининг фавқулодда вазиятларга тайёргарлик кўраётганини ижобий баҳолади. Унинг таъкидлашича, хонадонда озиқ-овқат захираси, фонар ва бошқа зарур буюмларнинг бўлиши электр узилиши ёки сув тошқини каби ҳолатларда асқотиши мумкин.

Ҳукумат уч кунлик захира учун нималарни тавсия қилмоқда?

Расмий тавсияларга кўра, ҳар бир хонадонда қуйидаги буюмлар бўлиши мақсадга мувофиқ:

  • Ичимлик суви: ҳар бир киши учун кунига 3 литрдан, уч кунга етадиган сув захираси.

  • Озиқ-овқат: пиширишни талаб қилмайдиган консерва маҳсулотлари, мева ва сабзавотлар, шунингдек, консерва очқичи.

  • Гигиена воситалари: антисептик, нам салфеткалар ва бошқа зарур буюмлар.

  • Ёритиш воситалари: чўнтак фонари, захира батареялар, иссиқ кийим ва кўрпалар.

  • Алоқа воситалари: телефон учун повербанк ва батареяда ишлайдиган радио.

  • Биринчи ёрдам қутиси: бинт, пластир, термометр, дезинфекция воситалари ва зарур дорилар.

  • Болалар учун маҳсулотлар: тагликлар ва тайёр болалар озуқаси.

  • Муҳим ҳужжатлар: шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси, нақд пул ва зарур телефон рақамлари.

Ҳукуматнинг таъкидлашича, бундай тайёргарлик аҳолини қўрқитиш учун эмас, балки кутилмаган вазиятларда одамларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва дастлабки қийинчиликларни мустақил енгиб ўтишга ёрдам бериш учун керак.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар